Тадбиркорликка йўл очган имконият
ФОТОРЕПОРТАЖ
Навоий шаҳридаги Зарафшон маҳалласида яшовчи Ваҳобовлар оиласининг темирчилик йўналишида йўлга қўйган фаолияти ҳунарни тадбиркорликка айлантириш ва янги иш ўринлари яратишга хизмат қилмоқда.
2026 йил февраль ойи бошида «Бизнесни ривожлантириш банки» маҳалла банкири томонидан маҳалладаги кам таъминланган ва ишсиз ёш оилалар билан суҳбатлар ўтказилди. Унда Ваҳобовлар оиласида темирчилик ҳунари борлиги, бироқ фаолиятни йўлга қўйиш ва ривожлантириш учун молиявий кўмак зарурлиги аниқланди.
Оиланинг тадбиркорлик ғоясини амалий лойиҳага айлантириш мақсадида Маржона Норпўлатованинг ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида фаолият юритиши учун «Маҳалла лойиҳа» дастури доирасида 60 миллион сўм кредит маблағи ажратилишига кўмаклашилди.
[gallery-30922]
Оила аъзолари ушбу имкониятдан самарали фойдаланиб, темирчилик фаолиятини йўлга қўйди. Қисқа вақт ичида иш ҳажмининг ортиши ва замонавий ускуналарга эҳтиёж пайдо бўлиши бизнесни кенгайтиришга замин яратди.
Шу тариқа Маржона Норпўлатова фаолиятини жисмоний шахс сифатидаги тадбиркорликдан юридик шахс – «VOKHIDOFF TECHNO» масъулияти чекланган жамиятига айлантирди.
Корхона фаолиятини кенгайтириш мақсадида банкнинг «Ҳамроҳ аёл» дастури доирасида 100 миллион сўм миқдорида гаровсиз кредит расмийлаштирилишига маҳалла банкири томонидан амалий ёрдам кўрсатилди.
Бугун оилавий тадбиркорлик фаолияти барқарор бизнесга айланиб, оила даромадини ошириш билан бирга, бошқа фуқароларни иш билан таъминлаш имконини ҳам бермоқда.
Айни пайтда корхонада 15 нафар ишсиз фуқаро доимий меҳнат қилмоқда.
Ваҳобовлар оиласи тажрибаси ҳунар ва тадбиркорлик ғояларини қўллаб-қувватлаш орқали янги иш ўринлари яратиш ҳамда аҳоли даромадларини ошириш мумкинлигини кўрсатмоқда.
Сирож АСЛОНОВ (сурат), ЎзА