«Жасорат мактаби»: баркамол ва юксак салоҳиятли ёшлар тарбияланади
Андижон шаҳридаги ҳарбий қисмда Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов “Ҳоким ва ёшлар учрашуви” доирасида «Жасорат мактаби» тингловчилари билан учрашиб, мулоқот ўтказди.
Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда ўтказилаётган Ёшлар куни муносабати билан ташкил этилган тадбирда вилоят ҳокими юртимизда ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолиятини тўғри ташкил этиш, бўш вақтларини мазмунли ўтказишга кўмаклашиш, замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллашлари, бандлигини таъминлаш ҳамда жамиятда муносиб ўрин топишлари учун зарур шарт-шароитлар яратиб берилаётганлиги таъкидланди.
Айниқса, ёшларнинг сифатли таълим олиш имкониятларини кенгайтириш, Янги Ўзбекистон тараққиётига муносиб ҳисса қўшадиган билимли ва юқори салоҳиятли кадрлар бўлиб етишишларига кўмаклашиш борасида эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда.


Ана шу йўналишдаги ишларнинг сифати ва самарадорлигини оширишда «Жасорат мактаби» лойиҳаси доирасида олиб борилаётган ишлар ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.
“Жасорат мактаби” лойиҳаси доирасида муддатли ҳарбий хизматга келган ёшлар билан бўлган мулоқот давомида тингловчилар ўзларини қизиқтирган саволлар, истиқболдаги режалар ва ташаббуслар билан вилоят ҳокимига мурожаат қилди. Ёшлар томонидан ўртага ташланган, уларни қийнаб келаётган қатор муаммо ва таклифлар тингланиб, уларни қисқа муддатларда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди. Ижроси маълум вақт талаб этадиган мурожаатларнинг ижроси назоратга олинди.


Ушбу мулоқот ёшларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга, уларнинг орзу-интилишларини қўллаб-қувватлаш ҳамда муаммоларига ечим топишга хизмат қилди.
Фахриддин Убайдуллаев,
ЎзА мухбири