Тадбиркорлик ташаббуслари қўллаб-қувватланмоқда
Гулистон туманида имтиёзли кредит дастурлари доирасида 438 нафар фуқарога жами 18 миллиард 3 миллион сўм маблағ ажратилди.
Аҳоли бандлигини таъминлаш, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш ва янги бизнес ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида туманда имтиёзли кредит маблағларини ажратиш ишлари изчил давом этмоқда. Ажратилган маблағлар фуқароларга тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ва кенгайтириш, янги лойиҳаларни амалга ошириш, қўшимча даромад манбаларини яратиш ҳамда янги иш ўринларини ташкил этиш имконини бермоқда. Бу ҳақда “Агробанк”нинг Гулистон туман филиали томонидан оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида “Аҳоли ва тадбиркорлар учун кредит маҳсулотларидан фойдаланиш имкониятлари” мавзусида ташкил этилган матбуот анжуманида маълум қилинди.

Тақдим этилган маълумотларга кўра, ажратилган кредит маблағларининг энг катта қисми “Маҳалла лойиҳаси” ҳисобига тўғри келади. Ушбу дастур доирасида 173 нафар фуқарога 8 миллиард 680 миллион сўм кредит маблағи йўналтирилган. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 7 сентябрдаги “Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш” комплекс дастурини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори доирасида 41 нафар фуқарога 4 миллиард 200 миллион сўм, “Ҳар бир оила — тадбиркор” дастури доирасида 100 нафарга 3 миллиард 20 миллион сўм, “Бизнесга биринчи қадам” дастури доирасида эса 124 нафар фуқарога 2 миллиард 103 миллион сўм кредит ажратилган.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, кредит маҳсулотларидан фойдаланиш имкониятларининг кенгайиши аҳолининг бизнес ғояларини амалга ошириш учун зарур молиявий манбани шакллантириш билан бирга, ҳудудда тадбиркорлик фаоллигини ошириш, бандликни таъминлаш ва оилавий даромадларни кўпайтиришга ҳам хизмат қилмоқда.
Матбуот анжуманида аҳоли ва тадбиркорларга тақдим этилаётган кредит маҳсулотлари, улардан фойдаланиш шартлари, молиялаштириш йўналишлари ҳамда маблағлардан мақсадли фойдаланиш тартиби юзасидан батафсил маълумот берилди.

Тадбир якунида ОАВ вакиллари кредит ажратиш тартиби, мавжуд имкониятлар ва аҳоли учун яратилган қулайликлар юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларга филиал масъулларидан жавоб олдилар.
Умуман, тумандаги мазкур ишлар аҳоли ва тадбиркорларни молиявий қўллаб-қувватлаш, уларнинг ташаббусларини рўёбга чиқариш, янги иш ўринлари яратиш ва барқарор даромад манбаларини шакллантиришга қаратилган амалий чораларнинг муҳим йўналишларидан бири бўлмоқда.
Ғулом Примов,
ЎзА мухбири