“Ғаибат” эмас, энди “Ғойибота”
Қўшни мамлакатдан келган ҳамкасбимиз юртимиздаги тоғ ва чўққилар ҳақида лавҳа тайёрлаётганини айтиб, Самарқанд вилоятидаги тоғлар тўғрисида маълумот тўплашда ёрдам сўради. Тегишли ташкилотлар, маҳаллий ҳокимликлар ёрдамида у сўраган маълумотларни йиғиб бердим.
Аммо ҳамкасбим айтган Алями тоғ тизмаси ҳақида эшитмаганим учун бу тўғрисидаги маълумотларни топишда бироз изланишга тўғри келди. Эски хариталарда бу Нурободдаги Мирҳайдар тоғининг жанубий-ғарбидаги тизма сифатида кўрсатилган, аммо ҳудуд аҳолисидан бу ҳақда сўраганимизда бу тоғ Алями эмас, Аламли деб аталишини айтишди.
Шундан сўнг, харитадаги бошқа тоғ ва чўққилар номлари билан ҳам қизиқиб қараганимда уларнинг аксарияти русча талаффузда қандай айтилган бўлса, шундай номланганига гувоҳ бўлдим.

Ўтган йил ва жорий йилда Вазирлар Маҳкамаси томонидан мамлакатимиздаги айрим географик объектларининг номларини давлат тили қоида ва меъёрларига мувофиқлаштириш ҳамда янги ном бериш тўғрисида бир неча қарорлар қабул қилинди. Натижада юртимиздаги бир қатор дарё, сой, кўл, булоқ ва шаршаралар, тоғ тизмалари, тоғ ва чўққилар, дара, довон ва ғорлар номлари ўзбекчалаштирилди, янги номлар берилди.


– Юртимиздаги ҳар бир географик объектнинг номи ҳудуд тарихи ва у ерда яшовчи аҳолининг турмуш тарзи, анъана ва қадриятларидан, касб-коридан келиб чиққан, – дейди Самарқанд вилояти ҳокимининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси Шерали Темиров. – Ҳозир ҳам объектларга ном беришда ана шу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилади. Лекин собиқ иттифоқ даврида, ўзбек тили давлат тили мақомида бўлмаган пайтда қўйилган жой номлари ва бошқа атамаларда бунга етарли даражада эътибор берилмагани ҳеч кимга сир эмас. Шунинг учун эски хариталар, китоб ва бошқа маълумотномалардаги жой номлари тушунарсиз, ҳатто ғализ маъно келтириб чиқарадиган даражада эканлигини кўришимиз мумкин. Албатта, шу пайтгача аксарият географик объектлар номлари адабий тил қоида ва меъёрларига мослаштирилди, қайта номланди ёки янгидан ном берилди. Эндиликда бу борадаги ишлар юртимиздаги тоғ ва тоғ тизмалари, дарёлар ва сойлар, довон ва даралар номларини тилимиз қоидаларига мослаштиришда ўз ифодасини топмоқда. Жумладан, Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 9 январдаги қарор билан мамлакатимиздаги айрим тоғ тизмалари, тоғ ва чўққилар номлари қаторида Самарқанд вилоятидаги 20 та шундай географик объектлар номи давлат тили қоида ва меъёрларига мувофиқлаштирилди. Масалан, Нурободдаги Мирҳайдар тоғининг шимолий-шарқида жойлашган “Бештау” тоғ тизмаси “Бештов”, шу тоғнинг жанубий-ғарбидаги “Алями” тоғ тизмаси “Аламли”, Нурота тоғининг жанубида, Гўрдара ва Қизилолма сойларининг оралиғида жойлашган “Ғаибат” тоғ тизмаси “Ғойибота”, Зарафшон тоғ тизмасидаги “Чалдуктаран” тоғи “Қирққиз” деб номланди. Шу йил 9 июль куни қабул қилинган қарор билан эса вилоятимиздаги 6 та тоғ ва довон номи давлат тили меъёрларига мослаштирилди. Ўз навбатида номи ўзгартирилган, янги ном берилган географик объектлар ва улар яқинида ўрнатилган пешлавҳалар ҳамда ахборот кўрсаткичлари ёзувлари давлат тили қоида ва меъёрларига мувофиқ лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида ёзилиши таъминланди.
Ғолиб Ҳасанов, ЎзА мухбири