Тадбиркорларнинг муаммо, таклиф ва ташаббуслари тингланди
Мамлакат тараққиётида тадбиркорлик муҳим ўрин тутади. Шу боис сўнгги йилларда республикамизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Сирдарё вилоятида ҳам ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, янги лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш, ҳудуд иқтисодий салоҳиятини юксалтириш ва аҳоли бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.Бироқ тадбиркорликни йўлга қўйиш ва фаолият кўламини кенгайтириш жараёнида муайян муаммо ва тўсиқлар ҳам учрамоқда. Бу эса ишбилармонларнинг ўз имкониятларини тўлиқ рўёбга чиқариши ва янги лойиҳаларни амалга оширишига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Савдо-саноат палатаси Сирдарё вилояти бошқармасида вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Дониёр Қодиров иштирокида ўтказилган очиқ мулоқот ва оммавий қабулда ана шу муаммолар муҳокама қилиниб, тадбиркорларнинг мурожаатлари тингланди.
Унда 250 нафар тадбиркор иштирок этиб, ўз фаолияти давомида дуч келаётган муаммолар, таклиф ва ташаббусларини билдирди. Суҳбат давомида бизнес вакиллари учун қулай шароит яратиш, мавжуд тўсиқларни бартараф этиш ва янги лойиҳаларни амалга оширишга кўмаклашиш масалаларига эътибор қаратилди.

— Нима қилсак, тадбиркорлик муҳитини фаоллаштирамиз? Нима қилсак, тадбиркорлик ривожланади? Тадбиркорларга янада қулай шароит ва кенг имкониятлар яратиш учун нима қилишимиз керак? деган саволлар мени ҳар куни ўйлантиради, — деди вилоят раҳбари.
Қабулда имтиёзли кредитлар ажратиш, кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш, ер майдонларини аукцион савдоларига чиқариш, гул етиштиришни йўлга қўйиш учун ер ажратиш билан боғлиқ масалалар кўтарилди. Шунингдек, мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини кенгайтириш, солиқ қарздорлигини қайта ҳисоблаш, тадбиркорлик субъектлари фаолияти самарадорлигини баҳолаш рейтингини жорий этиш, суд-ҳуқуқ масалалари, бино ва иншоотларга оид муаммолар юзасидан ҳам мурожаатлар тингланди.

Тадбиркорликни ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли даромадларини ошириш кўп жиҳатдан ишбилармонларнинг эркин фаолият юритиши учун зарур шароитларни таъминлашга боғлиқ. Шу нуқтаи назардан, мурожаатларнинг ҳар бирини қонунчилик талаблари асосида ўрганиш, муаммолар сабабларини аниқлаш ва уларни ҳал этиш бўйича аниқ чоралар белгилаш зарурлиги таъкидланди.

Масъул ташкилотлар вакилларига мурожаатларни ўз ваколатлари доирасида кўриб чиқиш, улар юзасидан белгиланган тартибда жавоб бериш ва тегишли вазифалар ижросини таъминлаш топширилди.
Очиқ мулоқотнинг аҳамияти шундаки, у тадбиркорларни қийнаётган масалаларни бевосита ўрганиш, уларнинг таклифларини инобатга олиш ва амалий ечимлар ишлаб чиқиш имконини беради. Аммо мулоқот самараси билдирилган фикрларни тинглаш билангина эмас, балки кўтарилган муаммоларнинг ҳал этилиши билан ҳам белгиланади.

Шу боис тадбиркорлар мурожаатларининг ўз вақтида кўриб чиқилиши, белгиланган вазифалар ижроси назорат қилиниши ва қабул қилинган қарорлар натижадорлиги таъминланиши муҳимдир. Бу эса вилоятда ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш ва тадбиркорликни изчил ривожлантиришга замин яратади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири