Тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш бўйича янги тизим
Маълумки, Бизнес-омбудсманга тадбиркорлар фаолиятида ўтказиладиган текширувларни мониторинг қилиш ва уларнинг қонунийлигини таъминлаш вазифаси юклатилган.
Янги ташкил этилган Ситуацион марказ мазкур йўналишдаги ишларни рақамлаштириш ва тезкор назорат қилишда марказий бўғин бўлиб хизмат қилади.
Марказнинг асосий вазифалари хусусида Бизнес-омбудсман ахборот хизмати раҳбари Гулжамол Шукурова қуйидагиларни маълум қилди.

–Йўлга қўйилган Ситуацион марказ вазифалари шундан иборатки, республикамиз бўйлаб ўтказилаётган барча текширувларни "Ягона давлат назорати" ахборот тизими орқали реал вақт режимида кузатиб бориш. Асоссиз текширувлар бошланганда тизимдаги "қизил чироқ" сигнали орқали зудлик билан муносабат билдириш.
Такрорий текширувлар ўтказилаётган соҳалар ва ҳудудларни таҳлил қилиб, тизимли муаммоларни бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқишдан иборат.

Бугунги кунда ушбу марказ тадбиркорлик фаолиятига асоссиз аралашувларнинг олдини олишда замонавий ва тезкор механизм вазифасини бажармоқда.
Тизимдаги «қизил чироқ» сигнали орқали ҳар бир асоссиз текширув аниқланиб, зудлик билан назоратга олинади. Такрорий текширувлар кузатилаётган соҳалар ва ҳудудлар таҳлил қилиниб, тизимли муаммоларни бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилади.
Аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари бўйича маълумотлар зудлик билан ҳудудий масъулларга юборилади ва уларнинг ижроси қатъий назорат қилинади.
Гулноза Бобоева,
ЎзА