Тадбиркордан ундириш учун кўрсатилган 3,2 миллиард сўм бекор қилинди
Олий суд судьяси И.Тожиев раислигида бўлиб ўтган суд мажлисида Бизнес-омбудсман томонидан «С.М.С.К.» МЧЖ манфаатида киритилган тафтиш шикояти кўриб чиқилди.
Аниқланишича, Қашқадарё вилояти Қишлоқ хўжалиги бошқармаси МЧЖ томонидан 2024 йил 27 августда аукцион орқали ижара ҳуқуқи билан сотиб олинган ер майдони учун кейинчалик қарийб 3,2 миллиард сўм миқдорида қишлоқ хўжалиги нобудгарчилигини ундиришни талаб қилиб, судга даъво киритган. Қуйи судлар бу даъвони қаноатлантирган.
Ер кодексининг 28 ва 87-моддаларига аукцион орқали ер сотиб олганлардан ҳам нобудгарчилик суммасини ундиришни назарда тутувчи ўзгартиришлар 2025 йил 5 майдаги 1062-сонли қонун билан киритилган. Тадбиркор эса ерни 2024 йилда сотиб олган. «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги қонуннинг 41-моддасига асосан, ушбу янги талабни орқа муддатга қаратиб қўллаш ноқонуний.
«Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида»ги қонуннинг 16-моддасига кўра, виждонан ҳаракат қилувчи тадбиркорнинг давлат ҳужжатига (аукцион баённомасига) бўлган ишончи қонун билан қўриқланади. Аукцион лотида ҳам, олди-сотди шартномасида ҳам ҳеч қандай қўшимча тўлов ёки нобудгарчилик суммаси назарда тутилмаган. Давлат органи қоидаларни кейинчалик бир томонлама ўзгартириши мумкин эмас.
Тадбиркорлик фаолияти субъектларининг давлат органлари билан ўзаро муносабатларида тадбиркорлик фаолияти субъекти ҳуқуқларининг устуворлиги принципи амал қилиб, унга мувофиқ қонунчиликда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ ҳолда юзага келадиган барча бартараф этиб бўлмайдиган зиддиятлар ва ноаниқликлар тадбиркорлик фаолияти субъектининг фойдасига талқин этилади.
Олий суд Бизнес-омбудсман тафтиш шикоятида келтирилган далилларни инобатга олиб, қуйи инстанция судларининг қарорларини бекор қилди ва Қишлоқ хўжалиги бошқармасининг МЧЖдан 3,2 миллиард сўм ундиришга оид даъвосини рад этди.
Гулноза Бобоева, ЎзА