Истиқболли лойиҳалар муҳокама этилди
Боёвут туманида Хитой Халқ Республикаси инвесторлари билан истиқболли ҳамкорлик лойиҳалари юзасидан музокаралар ўтказилди.
Аввал хабар берилганидек, жорий йилнинг 4–11 май кунлари Боёвут тумани ҳокими Ниёз Ҳазратқулов бошчилигидаги делегация Хитойга хизмат сафари билан бориб, қатор инвестицион учрашувлар ўтказган эди. Мазкур ташриф давомида эришилган келишувларнинг амалий ижросини таъминлаш мақсадида хитойлик сармоядорлар Боёвут туманига ташриф буюришди.
Ташриф доирасида “Dinjiang Tianshan Huang Fieye Technology Co LTD”, “Wujiaqu Huifeng Water Saving Agricultural Technology Co LTD”, “Liu Shi Dahan” ҳамда “Zhejiang Wansheng Yunhe Ganglan” компаниялари вакиллари билан учрашув ва музокаралар ташкил этилди.
Музокараларда туманнинг инвестицион салоҳияти, саноатни ривожлантириш имкониятлари ҳамда истиқболли лойиҳалар муҳокама қилинди. Хусусан, калий сулфатни қайта ишлаш заводи ташкил этиш, қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган полиэтилен маҳсулотлар ишлаб чиқариш, пахта етиштириш ва уруғларни қайта ишлаш корхоналарини йўлга қўйиш, шунингдек логистика маркази, меҳмонхона ва дам олиш масканларини барпо этиш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.
Шунингдек, инвесторларга Боёвут туманида мавжуд саноат ҳудудлари, инфратузилма имкониятлари ҳамда тадбиркорлик учун яратилган имтиёзлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Таъкидланишича, ушбу музокаралар туман иқтисодиётига янги инвестицияларни жалб этиш, саноат ва хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантиришга хизмат қилади. Томонлар ҳамкорликни янада кенгайтириш ва амалий лойиҳаларни ишга тушириш бўйича келишувларни давом эттиришга тайёр эканликларини билдиришди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири