Тадбиркор аёллар сафи ортмоқда
Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл туманида ЎзЛиДеП томонидан амалга оширилаётган “Маҳалланинг ишбилармон аёли” лойиҳаси доирасида навбатдаги тадбир ташкил этилди.
Унда туманнинг “Уллубоғ” овул фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи фаол ва ташаббускор хотин-қизлар билан яқиндан танишилди. Уларнинг меҳнати, тадбиркорликка бўлган интилиши ҳамда маҳаллада хотин-қизлар бандлигини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатлари алоҳида эътирофга сазовор.
Жумладан, маҳалланинг фаол аёлларидан Гўзал Аллабергенова яқинда тикувчилик фаолиятини йўлга қўйди. Депутат кўмагида ажратилган тикув машинаси орқали у маҳалладаги хотин-қизларга турли хил кийим-кечаклар тикиб, даромад топмоқда. Бу нафақат унинг оилавий даромадини оширишга, балки бошқа аёллар учун ҳам ибрат мактабига айланмоқда.

Шунингдек, тадбиркор Фарида Маликованинг махсус корхонаси ёки замонавий биноси бўлмаса-да, эски жойда ҳам ўз фаолиятини самарали ташкил этган. Энг муҳими, у нафақат ўзини, балки ўнлаб хотин-қизларни ҳам иш билан таъминлаб, жамиятда катта ижтимоий аҳамиятга эга ишларни амалга оширмоқда.
Фарида 2021 йилда уч нафар аёл билан иш бошлаган. Ҳозирда касаначилик асосида қарийб 35 нафар хотин-қизнинг бандлигини таъминлади. Кунига тайёрланган 70-75 дона кўрпа-кўрпача Тўрткўл ҳамда Элликқалъа туманлари бозорларига етказилмоқда. Шунингдек, у ҳар йили “Аёллар дафтари”даги ишсиз хотин-қизларни бепул ўқитиб, касбга йўналтирмоқда.

Асаларичилик билан шуғулланиб келаётган Алмагул Жаббарованинг фаолияти ҳам кўпчиликка намуна бўлмоқда. Битта асал уяси билан иш бошлаган тадбиркор ҳозирги кунда 20 та асал уясига эга бўлди. Бу қишлоқ жойларда ҳам кичик бизнесни самарали ташкил этиш мумкинлигини кўрсатади.
Тадбир якунида таъкидланганидек, “Маҳалланинг ишбилармон аёли” лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган бундай ташаббуслар хотин-қизларнинг тадбиркорлик фаоллигини ошириш, уларни қўллаб-қувватлаш ва жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.