Тадбиркор аёл — тараққиёт таянчи
Мамлакатимизда хотин-қизларнинг иқтисодий фаоллигини ошириш, уларнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва муносиб меҳнат қилиши учун кенг имкониятлар яратиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Айниқса, Президентимиз раҳнамолигида қабул қилинаётган фармон ва қарорлар, амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида минглаб хотин-қизлар ўз бизнесини йўлга қўйиб, янги иш ўринлари яратиш, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва юртимиз иқтисодий тараққиётига муносиб ҳисса қўшишмоқда.
Бугун тадбиркор аёл нафақат оила таянчи, балки маҳалла ва жамият тараққиётининг фаол иштирокчисига айланди. Давлат раҳбарининг хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга қаратилган доимий эътибори, улар учун яратилаётган имтиёзлар, енгил кредитлар, касб-ҳунар ўрганиш ва тадбиркорликни ривожлантириш имкониятлари юртимиз аёлларини янги марралар сари илҳомлантирмоқда.
Ана шу эзгу мақсадлар ижроси доирасида O‘zLiDeP нинг “Халқ билан бирга” умуммиллий дастури асосида ташкил этилган истиқболли лойиҳалардан бири — “Ишбилармон аёл – 2026” кўрик-танловининг Бухоро шаҳар босқичи юқори савияда ўтказилди.
Мазкур танловнинг асосий мақсади иқтисодиёт, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасида фаолият юритаётган иқтидорли хотин-қизларни аниқлаш, уларнинг илғор тажрибаларини оммалаштириш, янги ташаббусларни қўллаб-қувватлаш, хотин-қизларнинг жамиятдаги нуфузини янада ошириш ҳамда O‘zLiDeP нинг кадрлар захирасини бойитишдан иборат.

Танловнинг очилиш маросимида сўзга чиққанлар мамлакатимизда хотин-қизларга оид давлат сиёсати мутлақо янги босқичга кўтарилганини, Президентимиз томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида аёлларнинг тадбиркорлик, ишбилармонлик ва раҳбарлик соҳаларидаги иштироки тобора ортиб бораётганини алоҳида таъкидлади.
Танлов давомида иштирокчилар ўз маҳсулотлари, бизнес лойиҳалари ва ишлаб чиқариш фаолиятини ҳакамлар ҳайъатига тақдим этди.
Ҳакамлар ҳайъати қарорига кўра, хусусий тиббиёт муассасаси — “Doktor Nigin” МЧЖ раҳбари Нигина Ҳикматова фахрли биринчи ўринни қўлга киритди. Замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланган муассасада бугунги кунда 25 нафар ходим меҳнат қилмоқда. Аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, оналик ва болалик муҳофазаси йўлидаги самарали фаолияти унинг муносиб эътироф этилишига асос бўлди.

Иккинчи ўрин “Омад бахт қувонч” МЧЖ раҳбари Ҳилола Ҳалимовага насиб этди. Корхонада 30 нафар хотин-қиз доимий иш билан таъминланган. Бу ерда қирқдан ортиқ турдаги нон маҳсулотлари, ўнлаб турдаги макарон маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, аҳолига етказиб берилмоқда. Шунингдек, 50 сотих майдонда ташкил этилган иссиқхонада ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар аъзоларининг бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Учинчи ўрин эса кулолчилик ва рассомчилик йўналишида самарали меҳнат қилиб келаётган Шаҳло Акрамовага берилди. Миллий ҳунармандчилик анъаналарини замонавий ижод билан уйғунлаштирган тадбиркор аёлнинг фаолияти ҳам муносиб баҳоланди.

Шунингдек, бир қатор иштирокчилар турли номинациялар бўйича ғолиб деб топилди. Дизайнер-тикувчи Саида Музаффарова “Энг ёш, фаол аёл тадбиркор”, гипсдан бежирим безак буюмлари тайёрловчи Гулрух Комилова “Йилнинг мурувватли ишбилармон аёли”, миллий либосларини Туркия, Тожикистон ва Қозоғистонга экспорт қилиб келаётган Нигина Ахтамова “Инвестицияларни жалб қилишда ташаббус кўрсатган ишбилармон аёл”, махсус иш кийимлари ишлаб чиқарувчи Ҳулкар Тиллаева эса “Замонавий ташаббускор аёл” номинацияларида ғолибликни қўлга киритишди.
Тадбир якунида барча ғолиб ва совриндорлар O‘zLiDeP Бухоро шаҳар Кенгаши ҳамда ҳамкор ташкилотлар томонидан диплом, ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирланишди.
“Ишбилармон аёл – 2026” кўрик-танлови яна бир бор шуни исботладики, мамлакатимизда аёлларнинг билим-салоҳияти, меҳнатсеварлиги ва ташаббускорлиги давлат томонидан юксак қадрланмоқда. Президентимиз раҳбарлигида амалга оширилаётган оқилона сиёсат туфайли тадбиркор аёллар нафақат ўз оиласининг фаровонлигини таъминламоқда, балки юзлаб янги иш ўринлари яратиб, маҳаллалар тараққиёти, камбағалликни қисқартириш ва мамлакат иқтисодиётини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшмоқда.
Бугунги Бухоро тадбиркор аёллари — бу фақат бизнес эгалари эмас, балки Янги Ўзбекистон тараққиётининг ишончли таянчи, жамиятнинг бунёдкор кучи ва келажак авлод учун муносиб ибрат намунасидир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири