Фарғонада қурилиш корхоналари самарадорлигини оширишга бағишланган “Kaizen” семинари ўтказилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Фарғона давлат техника университетида қурилиш соҳасидаги корхоналар самарадорлигини оширишга бағишланган “Kaizen” амалий семинари ўтказилди.
Мазкур тадбир Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йил 25 июнь куни ўтказилган қурилиш материаллари саноатини ривожлантириш ҳамда Фарғона вилоятини намунавий ҳудудга айлантириш масалаларига бағишланган йиғилишда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилди.
[gallery-30226]
Семинарда иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Умид Обидхўжаев, Фарғона вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Мирзоҳид Убайдуллаев, шунингдек, қурилиш соҳасида фаолият юритаётган 100 га яқин компания вакиллари иштирок этди.
Интерактив форматда ташкил этилган тадбирни “Kaizen Institute Russia” бош директори Виталий Васильев, институтнинг ривожланиш бўйича директори Игорь Помочилин ҳамда унинг Ўзбекистондаги офиси раҳбари Сократ Саркисян олиб борди.
Семинардан кўзланган асосий мақсад қурилиш соҳасига замонавий бошқарув ёндашувлари ва инновацион ечимларни жорий этиш, ишлаб чиқариш жараёнларини оптималлаштириш, корхоналар самарадорлиги ҳамда рақобатбардошлигини оширишдан иборат бўлди.
Тадбир давомида иштирокчиларга “Kaizen” тамойиллари, узлуксиз такомиллаштириш маданиятини шакллантириш, ишлаб чиқариш ва бошқарув жараёнларини самарали ташкил этиш бўйича назарий ва амалий маълумотлар тақдим этилди. Шунингдек, “Kaizen” бизнес-тизимини корхоналар фаолиятига татбиқ этишнинг илғор тажрибалари ҳамда самарали жамоаларни шакллантириш масалалари муҳокама қилинди.
Дастур доирасида “Kaizen” асослари, бизнес-тизимнинг устунликлари, илғор амалиётлар, “Самарали жамоаларни яратиш” мавзусида бизнес-ўйин ва савол-жавоб сессиялари ташкил этилди.
Тадбир қурилиш компаниялари учун нафақат назарий билим, балки амалий тажриба ва ечимлар алмашиш майдонига айланди. Иштирокчилар ресурслардан самарали фойдаланиш, ички жараёнларни такомиллаштириш, иш сифати ва меҳнат унумдорлигини ошириш юзасидан ўзаро фикр алмашди.
Семинар якунида иштирокчиларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб берилди. Шу билан бирга, қурилиш соҳасида замонавий бошқарув ёндашувларини босқичма-босқич жорий этишнинг аҳамияти алоҳида таъкидланди.
Қайд этилганидек, бу ишлар кейинги босқичда қурилиш соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари фаолиятини жойига чиққан ҳолда ўрганиш, мавжуд муаммо ва имкониятларни диагностика қилиш ҳамда корхоналар самарадорлигини оширишга қаратилган аниқ амалий тавсиялар ишлаб чиқиш орқали давом эттирилади.
Муқимжон ҚОДИРОВ(сурат),ЎзА