Табиат бойликлари ҳеч кимнинг шахсий мулки эмас
Табиатга етказилган зарарни пул билан ҳисоблаш мумкин, аммо йўқ қилинган дарахтнинг ўрнини бир зумда тўлдириб бўлмайди.
Айниқса, экологик жиҳатдан муҳим ҳудуд ҳисобланган Бўстонлиқда ҳар бир дарахтнинг қадри янада баланд. Шу боис бу каби ҳолатларга ўз вақтида ва қатъий ҳуқуқий баҳо берилиши табиатни асрашнинг энг муҳим шартларидан биридир.
Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида аниқланган ҳолат ҳам бугун дарахтларни муҳофаза қилиш масаласига жиддий ёндашиш қанчалик муҳим эканини кўрсатмоқда.

Ижтимоий тармоқларда Бўстонлиқ тумани ҳудудида дарахтлар қўпориб ташлангани ҳақида хабар тарқалганидан сўнг, ҳолат Тошкент вилояти Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси ҳамда Бўстонлиқ туман бўлими Экология полицияси ходимларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан ўрганилди.
Ўрганиш давомида “Ғазалкент” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида “Y.D.” МЧЖ томонидан 2 гектар ер майдонида жами 586 туп дарахт ноқонуний равишда, илдизи билан қўпориб ташлангани аниқланди.

Энг ачинарлиси, қўпорилган дарахтлар орасида қимматли турлар ҳам бор. Хусусан, 9 туп дўлана, 3 туп арча, 3 туп тоғ олчаси ҳамда 571 туп учқат дарахти йўқ қилинган.
Маълум қилинишича, мазкур ҳолат юзасидан тадбиркорга бир неча бор қонуний талаблар билдирилган. Бироқ, у белгиланган талабларга бўйсунмасдан, назорат тадбирларига қаршилик кўрсатишга уринган.
Шундан сўнг Экология полицияси томонидан ҳуқуқбузарликка чек қўйилди. Махсус техникалар ёрдамида тупроқ остида қолган дарахтлар ҳам чиқариб олинди.
Ўрганиш натижаларига кўра, табиатга етказилган зарар миқдори 1 миллиард 705 миллион 660 минг сўмни ташкил этган.
Бу рақам фақат моддий зарарни ифодалайди. Аслида эса юзлаб дарахтларнинг йўқ қилиниши ҳудуддаги яшил қоплам, ҳаво сифати, тупроқ ҳолати ва экологик мувозанатга ҳам салбий таъсир кўрсатади.

Ҳозирда ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш ва айбдорларга нисбатан тегишли чора кўриш мақсадида тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилиши режалаштирилган.
Бир неча йилда вояга етадиган дарахтни бир неча дақиқада йўқ қилиш мумкин. Аммо унинг ўрнини тиклаш, табиатга етказилган зарарни қоплаш ва экологик мувозанатни қайта тиклаш анча кўпроқ вақт ва маблағ талаб этади. Зеро, табиат бойликлари ҳеч кимнинг шахсий мулки эмас.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА