“Табассум ҳадя этамиз” хайрия акцияси
Жорий йилнинг 5-12 апрель кунлари Нукус шаҳридаги Болалар миллий тиббиёт марказининг Оролбўйи минтақаси болалар касалликлари бўйича тиббиёт клиникасида “Табассум ҳадя этамиз” (“Дарим улыбку”) халқаро хайрия жамғармаси иштирокида хайрия акцияси ўтказилмоқда.
Тадбир доирасида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами орасидан бир неча босқичда жажжи беморлар саралаб олинди. Дастлаб Болалар миллий тиббиёт маркази мутахассислари томонидан 2 минг нафардан ортиқ болажон кўрикдан ўтказилди ва улардан 270 нафардан ортиғи танлаб олинди.

Мазкур халқаро хайрия жамғармаси ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ташкил этилган акция доирасида россиялик ва америкалик машҳур пластик жарроҳ Ҳасан Баиев томонидан тиббий текширувлар амалга оширилди. Натижада улар орасидан жарроҳлик амалиётларини ўтказишга муҳтож кичик ёшли беморлар саралаб олиниб, Болалар миллий тиббиёт марказининг Оролбўйи минтақаси болалар касалликлари бўйича тиббиёт клиникасига ётқизилди.

Акция доирасида жами 70 нафардан ортиқ беморда жарроҳлик амалиёти бажарилади. Муҳими, акция доирасида туғма танглай ва лаб кемтиги бўлган болалардаги жарроҳлик амалиётидан ташқари бир қанча амалиётлар ҳам ўтказилмоқда. Жумладан, қулоқ супраси бўлмаган бемор болаларда бу орган тиклаб берилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА