Сув соҳасини ривожлантириш: устувор вазифалар ва халқаро ҳамкорлик
Тошкент шаҳридаги "Hyatt Regency" меҳмонхонасида Сув ресурслари, сув таъминоти ва санитария бўйича Тармоқлараро ишчи гуруҳининг (ТИГ) еттинчи йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, "Ўзсувтаъминот" акциядорлик жамияти, Швейцариянинг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳамда халқаро ривожланиш ҳамкорлари вакиллари иштирок этди.
Тадбирда сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Зокир Ишпўлатов ва бошқалар сўзга чиқиб, сув ресурсларини самарали бошқариш, ичимлик суви таъминоти ва санитария хизматларини такомиллаштириш, 2030 йилгача мўлжалланган стратегия лойиҳаси ҳамда халқаро ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига тўхталди.
Йиғилиш давомида сув соҳасини ривожлантиришга қаратилган муҳим ташаббуслар ва стратегик ҳужжатлар муҳокама қилинди. Хусусан, Сувни тежаш бўйича халқаро форумни ташкил этиш ва ўтказишга тайёргарлик доирасидаги кейинги чора-тадбирлар кўриб чиқилди.
Сув хўжалиги вазири биринчи ўринбосари Зокир Ишпўлатовнинг таъкидлашича, Ўзбекистонда сув ресурслари йилдан-йилга камайиб, сувга бўлган талаб ортиб бормоқда. Бунда иқлим ўзгариши ва дарёлардаги сув ҳажмининг қисқариши муҳим омиллардан ҳисобланади.
– 2027 йилда ўтказилиши режалаштирилган Бутунжаҳон сувни тежаш форумига тайёргарликнинг кейинги босқичларини муҳокама қилдик. Шунингдек, 2030 йилгача ичимлик суви таъминоти ва оқова сув тизимларини ривожлантириш стратегияси лойиҳаси юзасидан халқаро ҳамкорлар ва манфаатдор ташкилотлар вакилларининг фикрларини эшитдик.
Сув хўжалигида сув тежовчи технологияларни жорий этиш, каналларни бетонлаш орқали сув йўқотишларини камайтириш ва насос станцияларини модернизация қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу жараёнда халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, инвестицияларни жалб қилиш ва илғор технологиялардан фойдаланиш муҳим аҳамиятга эга. Шу боис ҳамкорларимизни ислоҳотларда фаол иштирок этишга ва инновацион ечимлар билан ўртоқлашишга таклиф қилдик.
Ўзбекистонда фойдаланилаётган сув ресурсларининг 80 фоиздан ортиғи трансчегаравий дарёлар ҳиссасига тўғри келади. Шу сабабли, сув ресурсларини бошқариш ва тақсимлашда қўшни давлатлар билан яқин ҳамкорлик қилиш зарур. Сўнгги йилларда яхши қўшничилик муносабатларининг ривожланиши чегарадан ўтиш ва гидротехника иншоотларидан фойдаланиш билан боғлиқ муаммоларни ҳал этишга ёрдам бермоқда.
Амударё ва Сирдарё сувларини бошқариш бўйича икки ва уч томонлама ҳамкорлик механизмлари ҳам йўлга қўйилган. Улар қишлоқ хўжалиги ва иқтисодиётнинг бошқа тармоқларини вегетация мавсумида сув билан таъминлаш имкониятларини кенгайтирмоқда. Жумладан, Ўзбекистон, Қозоғистон ва Тожикистон ўртасида "Баҳри тожик" сув омборидан биргаликда фойдаланиш, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистон ўртасида эса "Тўхтағул" сув омборининг ишлаш режимини келишиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Шунингдек, уч давлат ҳамкорлигида "Қамбарота ГЭС-1" лойиҳасини амалга ошириш бўйича ишлар давом этмоқда. Ушбу лойиҳа Норин ва Сирдарё сув ресурсларини биргаликда бошқариш ҳамда минтақада сув таъминоти барқарорлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади,– деди Зокир Ишпўлатов.
[gallery-31878]
Йиғилишда 2030 йилгача ичимлик суви таъминоти ва оқова сув хизматларини такомиллаштириш стратегияси лойиҳаси тақдим этилди. Ҳужжат соҳани узоқ муддатли ривожлантиришнинг устувор йўналишлари, хизматлар сифатини ошириш ва тизим барқарорлигини таъминлашга қаратилган.
Шу билан бирга, JTI ташаббуси доирасида Ўзбекистонда сув таъминоти, санитария ва гигиена соҳаларида амалга оширилаётган лойиҳанинг уч йиллик натижалари ҳамда эришилган ютуқлар муҳокама қилинди.
Осиё тараққиёт банки вакили Массимо Петроненинг таъкидлашича, ичимлик суви таъминоти ва оқова сув тизимларини ривожлантириш стратегиясини такомиллаштиришда молиявий барқарорликни таъминлаш ва марказлаштирилмаган ечимларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиш зарур.
–Ўтган йили бошланган ушбу жараёнда аввал билдирилган таклифларнинг инобатга олингани қувонарли. Тариф ислоҳотлари бўйича янги қўмитанинг ташкил этилишини ҳам олқишлайман. Сув таъминоти соҳасида молиявий барқарорликни таъминлаш, инфратузилмадан самарали фойдаланиш ва техник хизмат кўрсатишни яхшилаш муҳим. Соҳани тартибга солувчи органни ташкил этиш ҳам бу йўналишдаги муҳим қадамлардан биридир.
Стратегияни такомиллаштиришда идоралар ўртасидаги ҳамкорлик ва мувофиқлаштирилган ёндашув ҳам катта аҳамиятга эга. Айниқса, марказлашган шаҳар инфратузилмасидан фойдаланиш имконияти чекланган қишлоқ аҳолиси учун марказлаштирилмаган сув таъминоти ва санитария ечимларини ривожлантириш зарур. Осиё тараққиёт банки бу борада тренинглар ташкил этиш, мутахассислар салоҳиятини ошириш ва келгусида молиявий кўмак кўрсатиш орқали ҳамкорлик қилишга тайёр, – деди Массимо Петроне.
Тадбир доирасида Тармоқлараро ишчи гуруҳида халқаро ривожланиш ҳамкорлари томонидан амалга ошириладиган ҳамраислик вазифасини Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлигидан Осиё тараққиёт банкига расман топшириш маросими ҳам бўлиб ўтди.
Мазкур жараён сув ресурслари, сув таъминоти ва санитария соҳаларида миллий ташкилотлар ҳамда халқаро ривожланиш ҳамкорлари ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлаш ва ҳамкорликни мувофиқлаштиришда муҳим аҳамиятга эга.
Йиғилиш якунида иштирокчилар кун тартибидаги масалалар юзасидан фикр алмашиб, соҳани ривожлантириш бўйича келгуси ҳамкорлик йўналишлари ва амалга ошириладиган навбатдаги чора-тадбирларни муҳокама қилди.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА