Сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш истиқболлари муҳокама қилинди
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси ҳамда Сув хўжалиги вазирлиги ҳамкорлигида “Иқтисодиётни технологик ва инновацион моделига ўтиш орқали сув ресурсларидан оқилона фойдаланишнинг истиқболлари” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Тадбирда таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, соҳани бошқариш тизимини янада такомиллаштириш, сув хўжалиги объектларини модернизация қилиш ва ривожлантириш бўйича кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Сув кодексининг қабул қилингани сув ресурсларини бошқаришнинг самарали тизимини шакллантириш, экологик барқарорликни таъминлаш ва аҳолининг фаровонлигини оширишга хизмат қилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2026 йил 5 февралдаги “Сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори мазкур йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга кўтариш, сув хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигини оширишда муҳим ҳуқуқий асос бўлди.

Мазкур қарорда 2026 — 2028 йилларда сув тежовчи технологиялар жорий қилинган майдонлар ҳажмини 3,5 миллион гектарга етказиш белгиланган. Бу нафақат сув сарфини қисқартириш, балки ҳосилдорликни, минерал ўғитлардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ва ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилашга хизмат қилади.
Шунингдек, республикамизда сув тежовчи технологиялар қамровини яна кенгайтириш мақсадида Президентимизнинг тегишли қарори билан 2024 йилдан бошлаб сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий этиш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларига “suvkredit.uz” платформаси орқали 5 йил муддатга, шундан 2 йиллик имтиёзли давр билан йиллик 14 фоиз ставкада кредитлар ажратилиши белгиланган.

Бунда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий қилиш бўйича лойиҳаларга тижорат банклари томонидан миллий валютада ажратиладиган кредитлар бўйича фоиз ставкасининг 10 фоиздан ошадиган қисмини Давлат бюджетидан қоплаб берилиши кўзда тутилган.
Бугунги кунга келиб, маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхоналар сони 60 тани ташкил этиб, маҳаллийлаштириш даражаси 80 фоизга, йиллик ишлаб чиқариш қуввати эса 250-300 минг гектарга етказилди.
Мазкур тадбирларни амалга ошириш натижасида сув ресурсларини тежаш билан бирга, 55,8 миллиард сўм маблағлар иқтисод қилинди. Мелиоратив кузатувлар аниқлиги ва рақамли сув бошқарувининг самарадорлиги 20 фоизга ошишига эришилиб, сувнинг техник йўқотилиши 10 фоизга қисқартирилди.
Тадбирда сув ресурсларидан самарали фойдаланиш давлатимизнинг устувор вазифасига айланаётгани, бу борада амалга оширилаётган ислоҳотлар бугунги кунда ўзининг ижобий натижаларини бераётгани қайд этилди.
Сув ресурсларини бошқаришда инновацион ёндашувларни кенгайтириш, соҳада илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини кучайтириш бўйича устувор вазифалар белгилаб олинди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА