Сурхондарё вилоятининг Қизириқ туманида 3-сонли техникум ташкил этилади
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Қизириқ тумани 3-сон техникумини ташкил этиш тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, Сурхондарё вилояти Қизириқ туманидаги собиқ Қизириқ иқтисодиёт коллежи негизида Қизириқ тумани 3-сон техникуми ташкил этилади.
Техникум Сурхондарё вилояти Қизирик тумани “Янгиҳаёт” МФЙ Боғбонлар кўчаси 2-уй манзилидаги собиқ Қизириқ иқтисодиёт коллежининг бино ва иншоотларига оператив бошқариш ҳуқуқи асосида жойлаштирилади.
Техникум Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Касбий таълим агентлиги тизимида фаолият юритувчи давлат муассасаси шаклидаги касбий таълим ташкилоти ҳисобланади ҳамда унинг фаолияти амалдаги касбий таълим ташкилотларини молиялаштириш тартиби асосида ва қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.
Техникумга умумий ўрта таълим ташкилотларининг битирувчилари белгиланган тартибда давлат гранти ва тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилинади ҳамда ўқув жараёни бошланғич, ўрта ва ўрта махсус касбий таълим дастурлари асосида ташкил этилади.
Техникумда ички ва ташқи меҳнат бозори эҳтиёжлари, иш берувчи ташкилотларнинг таклифлари ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги буюртмаси асосида касб ва хорижий тилларни ўқитишга мўлжалланган қисқа муддатли курслар ташкил этилади.
Техникумнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат бўлади:
иқтисодиёт тармоқларида ўрта бўғин кадрларига талаб юқори бўлган касб ва мутахассисликлар бўйича кадрлар тайёрлаш;
ўрта бўғин кадрлари тайёрлашда ички ва ташқи меҳнат бозорида таклифларни ўрганиш, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини таъминлаш ҳамда дуал таълим шаклида кадрлар тайёрлашни кенгайтириш;
кадрлар тайёрлаш жараёнига корхона ва ташкилотларнинг соҳа мутахассислари, малакали хорижий мутахассислар ҳамда олий таълим ташкилотларининг профессор-ўқитувчиларини жалб қилиш;
қўшма ва халқаро таълим дастурларини жорий қилиш орқали ташқи меҳнат бозори эҳтиёжи асосида кадрлар тайёрлашни кенгайтириш;
меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касблар бўйича ишсиз ва банд бўлмаган аҳолини қисқа муддатли касбларга ҳамда хорижий тилларга ўқитиш;
тегишли касбий таълим даражалари бўйича кадрлар тайёрлаш учун зарур моддий-техник ва ўқув-методик базани яратиш.
Икки ой муддатда техникумда ўқув жараёнини ташкил этиш, таълим сифатини таъминлаш ва ўқувчилар учун зарур шарт-шароитларни яратиш бўйича чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилади.
Техникумни ўқув-лаборатория жиҳозлари ва ўқув устахоналарини замонавий асбоб-ускуналар билан таъминлашда сунъий интеллект ҳамда “яшил” иқтисодиёт тенденциялари устувор ўрин тутади.
2026 йил 1 майга қадар техникумнинг устави тасдиқланади ҳамда белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилади.
2026/2027 ўқув йили учун Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишилган ҳолда Сурхондарё вилояти Касбий таълимни ривожлантириш ҳудудий тадбиркорлар кенгаши таклифи асосида техникумга ўқувчиларни қабул қилиш параметрларини белгиланган тартибда тасдиқланади.
Ўқувчиларни қабул қилиш параметрларига мос равишда юқори малакали педагоглар ишга қабул қилинади.
2026 йил 1 октябрдан бошлаб Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги билан биргаликда техникумга ўқишга қабул қилинган, хорижда ишлаш истагида бўлган ўқувчиларни хорижий иш берувчиларнинг талабларидан келиб чиқиб, инглиз, немис, корейс, япон ва рус тилларига ўқитиш йўлга қўйилади.
ЎзА