Касбий таълим агентлиги тўғрисидаги низом тасдиқланди
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Касбий таълим агентлиги ҳамда Касбий таълимни ривожлантириш жамғармаси тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Касбий таълим агентлиги тўғрисидаги низом;
Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Касбий таълим агентлигининг Касбий таълимни ривожлантириш жамғармаси тўғрисидаги низом;
Бошланғич, ўрта ва ўрта махсус касбий таълим тўғрисидаги дипломнинг ҳамда дипломга илованинг давлат намуналари ва тавсифлари;
Компетенцияни (малакани) эгаллаганлик тўғрисидаги сертификатнинг ҳамда сертификатга илованинг давлат намуналари ва тавсифлари тасдиқланди.
2026 йил 1 сентябрга қадар касбий таълим ташкилотларида ўқишини якунлаган битирувчиларга амалдаги таълим дастурларига мувофиқ давлат намунасидаги диплом ёки сертификат берилади.
2026/2027 ўқув йилидан бошлаб бошланғич, ўрта ва ўрта махсус касбий таълим дастурларини ўзлаштирган шахсларга Таълимнинг халқаро стандарт таснифлагичи ва Миллий малакалар рамкасининг 3, 4, ва 5-даражасига мос келувчи бошланғич, ўрта ва ўрта махсус касбий таълим тўғрисида диплом, қисқа муддатли курслар битирувчиларига эса ўқиган модулига қараб тегишлилиги бўйича компетенцияни (малакани) эгаллаганлик тўғрисида сертификат берилади.
Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Касбий таълим агентлигининг мақоми, асосий вазифалари, функциялари, ҳудудлари ва мажбуриятлари, шунингдек, фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.
Агентлик касбий таълим ва касбга ўқитиш, илғор хорижий тажрибаларни самарали жорий этиш ҳамда халқаро стандартларга мос бўлган юқори малакали ўрта бўғин кадрларини тайёрлаш соҳасида давлат сиёсатини амалга оширувчи республика ижро этувчи ҳокимият органи ҳисобланади.
Агентлик Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига бевосита бўйсунади ва фаолияти юзасидан ҳисобот беради.
Агентлик ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, шунингдек, ушбу Низом ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига амал қилади.
Агентликнинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, бошқа ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан ижро этилиши мажбурий ҳисобланади.
ЎзА