Сурдлимпия ўйинларида ҳамюртларимиз ҳам бор
Шу кунларда Бразилиянинг Кашиас-ду-Сул шаҳрида имконияти чекланган спортчилар ўртасида ёзги Сурдлимпия ўйинлари ўтказилмоқда.
Дунёнинг 100 га яқин давлатидан Бразилияга келган матонат соҳиби бўлганлар спортнинг 20 та тури бўйича басҳлашмоқда.
24-бор ўтказилаётган мазкур ўйинлар аслида ўтган йилнинг декабрь ойида ташкил этилмоғи лозим эди. Аммо эпидемилогик вазият туфайли ўйинлар жорий йил 1-15 май кунларига белгиланганди.
Жаҳонда имконияти чекланган спортчилар қаторида юртимиз вакилларининг ҳам ушбу тўрт йиллик ўйинларда қатнашиши учун давлатимиз томонидан етарли шарт-шароитлар яратилди. Уларга махсус спорт формалари, керакли машғулот ва иштирок этиш жиҳозлари, белгиланган моддий ва маънавий қўллов кўрсатилди.

Бугунгача ўйинлар дастуридан ўрин олган 4 та йўналишдаги барча баҳслар якунланган бўлса, 10 тага яқин спорт турларининг айрим йўналишларида ғолиб ва совриндорлар маълум бўлиб, медаллар ўз эгаларига топширилди.
24-ёзги Сурдлимпия ўйинларида Ўзбекистон спортчилари икки йўналишда – футбол ва таэквонда баҳсларида иштирок этаётган бўлса, ҳозирча таэквондо баҳслари ўз якунига етди.
Унда иштирок этган матонатли таэквондочиларимиз Сурдлимпиаданинг 3 та медалига эга чиқишди. Биринчи кунги баҳсларда икки нафар вакиламиз – Дилбар Тожибоева (49 кг.) ва Гўзал Эшмирзаева (57 кг.) бронза медалларига эга чиққан бўлса, кейинги кунги беллашувларда яна бир спортчимиз Мафтуна Абдуюсупова +67 кг. вазн тоифасида бронза медалига сазовор бўлди.
Шунингдек, таэквондочиларимиздан 80 килограммлилар баҳсида Дониёрбек Тошмирзаев 5-ўринни, 67 кг.да Шаҳноза Ҳайитқулова 7-ўринни эгаллашди.
Футбол баҳсларида юртимиз шарафини ҳимоя қилаётган ирода соҳиблари бугунгача учта учрашув ўтказишди. Мексика жамоасини 4:1 ҳисобида енгган ҳамюртларимиз кейинги ўйинларда Польша ва Греция терма жамоаларига кичик ҳисобда имкониятни бой берди.
Ҳозирча Сурдлимпия ўйинларида медаллар жамғариш борасида Украина, АҚШ, Япония, Эрон, Жанубий Корея давлатлари пешқадамлик қилаётган бўлса, Ўзбекистон спортчилари 3 та бронза медали эвазига 100 тага яқин давлат орасида 33-ўринни банд этиб турибди.
Мусобақалар 15 майга қадар давом этади.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА