Суперлиганинг 7-тури старт олмоқда
Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг 7-тур учрашувлари бугун, 12 апрель куни старт олади ва 14 апрелга қадар давом этади. Турнинг илк кунида “Навбаҳор” – “Сурхон”, “Динамо” – “Локомотив”, “Андижон” – ОКМК клублари ўртасидаги учрашув бўлиб ўтиши режалаштирилган.
Шу ўринда соат 18:15 да “Бобур арена” стадионида старт оладиган “Андижон” ва ОКМК клубларининг ўзаро ўйинлар статистикасига эътибор қаратишни лозим топдик.

Жамоалар миллий чемпионатимиз тарихида шу кунга қадар 28 бор тўқнаш келган. Уларнинг 5 тасида “Андижон” ғалаба қозонган бўлса, 18 та баҳсда ОКМК устун келган. Яна 5 та учрашув дуранг натижа билан якунланган. Тўплар нисбати эса 55:34 кўринишида ОКМК фойдасига.
Ўтган мавсумда жамоалар ўртасидаги илк беллашув Олмалиқда бўлиб ўтиб, унда мезбонлар 4:3 ҳисобида ғалаба қозонган эди. Иккинчи даврадаги учрашувда эса “Андижон” ўз мухлислари олдида 1:0 ҳисобида устун келган.
Дарвоқе, Суперлиганинг 7-тур доирасида 13 апрель куни “Насаф” — “Бухоро”, “Пахтакор” — “Машъал”, “Қизилқум” — “Сўғдиёна”, 14 апрелда эса “Хоразм” — “Қўқон-1912”, “Бунёдкор” — “Нефтчи” клублари ўзаро рақобатлашади.

Маълумот учун, айни дамда “Пахтакор” клуби очколарини 15 тага етказиб олган ҳолда турнир жадвалида биринчи ўринда бормоқда. Бироқ амалдаги чемпион “Нефтчи” ҳисобида ҳам 15 очко бўлса-да, ўзаро ўйиндаги мағлубият ушбу жамоани иккинчи ўринга қулатган. “Бухоро” ва “Бунёдкор” ҳисобидаги очколар ҳам 13 тага етган ва голлар нисбатига кўра 3-4-ўринда бормоқда.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА