“Silk Road Uzbekistan” оммавий югуриш мусобақалари аҳолини спортга жалб этмоқда
Ўзбекистонда оммавий спортни аҳоли ўртасида янада оммалаштиришда югуришнинг ўрни беқиёс экани барчамизга маълум. Аҳолимиз соғлом турмуш тарзига қаратаётган улкан эътибори натижасида югуриш фақат тор доирадаги ишқибозлар машғулоти эмас, балки аҳолининг турли қатламлари учун кундалик ҳаётнинг ажралмас қисмига айланиб бормоқда.
Шу маънода, «Silk Road Uzbekistan» оммавий югуриш мусобақалари туркуми мамлакатдаги мазкур жараённинг муҳим ҳаракатлантирувчи кучларидан бири сифатида намоён бўлмоқда. Жорий йилда лойиҳанинг дастлабки босқичлари Нукус ва Самарқанд шаҳарларида ўтказилиб, минглаб иштирокчиларни қамраб олди. Бу эса ташаббус географиясининг изчил кенгайиб бораётганидан далолат беради.

Эътиборли жиҳати шундаки, мусобақаларда бир трассада профессионал спортчилар, ҳаваскорлар, талабалар ва оилалар биргаликда иштирок этмоқда. Бу эса ушбу спорт тадбирларини оддий спорт мусобақасидан кенгроқ — жамиятни бирлаштирувчи, фаол ҳаёт тарзини тарғиб этувчи ижтимоий лойиҳага айлантирмоқда.
Мазкур лойиҳа республика тарихий йўналишлари бўйлаб амалга оширишда, Марказий Осиё юриш ва югуриш академияси, Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Ўзбектелеком акциядорлик компанияси ва Ўзбекистон Миллий банки ҳамда турли ташкилотларнинг ўрни беқиёсдир.

Шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, дастлабки босқичлар натижалари юртимизда оммавий югуриш мусобақаларига қизиқиш юқори эканини яққол намоён этди. Нукус ва Самарқандда стартга чиққан иштирокчилар нафақат тажрибали югурувчилар, балки янги муҳитни ҳис этиш, жамоавийликни туйиш ва фаол ҳаёт тарзига қадам қўйишни истаган кенг оммадан иборат бўлди.
Ушбу мусобақалар дастуридан 5 ва 10 километрлик масофалар, болалар учун «Kids Run», талабалар учун «Talaba Yugur», шунингдек, инклюзив хайрия мусобақаси — «Inson Uchun» йўналишлари ўрин олган.
Жумладан, «Talaba Yugur» мусобақалари талабалар ўртасида ҳудудий босқичларда ўтказилиб, кейинчалик ғолиблар Тошкент шаҳрида ҳал қилувчи босқичда иштирок этади. Унда нафақат совринли ўринлар, балки пул мукофотлари ва қўшимча стипендиялар учун ҳам кураш олиб борилади. Бу эса ёшлар ўртасида спортга бўлган қизиқишни ошириш билан бирга, уларда фаол ҳаёт тарзи кўникмаларини шакллантиришга хизмат қилмоқда.
«Inson Uchun» инклюзив югуриш мусобақаси эса алоҳида аҳамият касб этади. Унда имконияти чекланган иштирокчилар қатнашиб, асосий эътибор натижага эмас, балки иштирок этиш имкониятига қаратилади. Мукофот жамғармаси 4 тоифа бўйича тақсимланган бўлса-да, ушбу ташаббуснинг асосий моҳияти — спорт орқали бирлашиш ва ижтимоий тенгликни таъминлашдан иборат.
Барча иштирокчиларга старт тўплами тақдим этилади. Унга чипли рақам, иштирокчилар учун зарур бўлган барча спорт инвентарлари, медаль ҳамда Испаниянинг машҳур «Joma» брендига мансуб спорт футболкаси киради. Замонавий технологик матолардан тайёрланган ушбу кийимлар югуриш жараёнида максимал қулайликни таъминлайди.

Ушбу мусобақаларда иштирок этиш учун perfend.com сайти орқали рўйхатдан ўтиш ишлари доимгидек, амалга оширилмоқда.
Шунингдек, мусобақанинг яна бир ўзига хос жиҳати — юқори соврин жамғармасидир. 5 ва 10 км масофаларда эркаклар ва аёллар ўртасида олтита совринли ўрин учун мукофотлар белгиланган. Хусусан, 10 км масофада ғолиб 6 миллион сўм, 2-ўрин 5 миллион сўм, 3-ўрин 4 миллион сўм билан тақдирланади. 5 км масофада эса мос равишда 3,5, 3 ва 2,5 миллион сўм пул мукофотлари белгиланган. Болалар пойгалари ғолиблари эса қимматбаҳо совғалар билан рағбатлантирилади.
Туркумнинг навбатдаги босқичи эртага 3 май куни Бухоро шаҳрида бўлиб ўтади. Буюк Ипак йўли тарихи билан боғлиқ ушбу қадимий шаҳардаги маршрут иштирокчиларга гўё вақт бўйлаб саёҳат қилиш имконини тақдим этади.
17 май куни эса мусобақалар пойтахтдаги “Янги Ўзбекистон” боғида давом этади. Ушбу ҳудуд бугунги кунда оммавий спорт тадбирлари учун замонавий ва қулай макон сифатида шаклланиб бормоқда.
Умуман, Silk Road Uzbekistan туркуми мамлакатда оммавий спортга бўлган муносабатни тубдан ўзгартирмоқда. Энди югуриш фақат масофани босиб ўтиш эмас, балки жамиятни бирлаштирувчи, соғлом турмуш тарзини қарор топтирувчи ва юртни янги нигоҳ билан кашф этиш имконини берувчи муҳим ижтимоий ҳаракатга айланмоқда.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА