Сунъий интеллект ёрдамида 671 та қонунбузилиш ҳолатлари бартараф этилган
Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциясининг йиғилишида Ҳисоб палатасининг 2025 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи муҳокама қилинди.
Йиғилишда қайд этилганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда давлат аудити ва молиявий назорати тизими тубдан такомиллаштирилмоқда, соҳада кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг сўнгги 2 йил ичида бу борада қабул қилган 3 та муҳим фармони давлат аудити ва молиявий назорат тизимини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарди.

Ҳисоб палатаси 2025 йилдаги фаолияти давомида бюджет маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланилишини таъминлаш, бюджет билан боғлиқ муаммо ва камчиликларни аниқлашга эътибор қаратди. Бу жараёнда маблағларнинг ижтимоий-иқтисодий натижадорлигига эътибор қаратилди.
Қайд этилганидек, ҳисобот даврида қўшимча даромад манбаларини аниқлаш ҳамда ноқонуний харажатларнинг олдини олиш бўйича натижаларга эришилган.

Ҳисоб палатаси масофавий назоратида сунъий интеллектдан кенг фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада алоҳида гуруҳ ташкил этилган бўлиб, давлат харидларида манфаатлар тўқнашуви, аффилланганлик ҳолатларини сунъий интеллект ёрдамида таҳлил қилиш йўлга қўйилди. Натижада биргина сунъий интеллект ёрдамида 83,3 миллиард сўмлик 671 та қонунбузилиш ҳолатлари бартараф этилган.
Муҳокамаларда фракция аъзолари Ҳисоб палатаси фаолияти юзасидан бир қатор таклифлар ва тавсияларни билдирдилар. Якунда унинг 2025 йилги фаолияти юзасидан ҳисоботи маъқулланди.
М.Комилова, ЎзА