Суд Трамп қарорини бекор қилди: 5 минг эфиопиялик ҳимояда қолди
АҚШда суд Дональд Трамп маъмуриятининг муҳим қарорини тўхтатди. Бостон федерал судьяси Брайан Мёрфи 5 мингдан ортиқ эфиопияликка берилган вақтинчалик ҳимоя мақомини бекор қилишга рухсат бермади. Бу мақом уларга Қўшма Штатларда яшаш ва ишлаш имконини беради. Қарор миграция сиёсати атрофидаги тортишувларни яна кучайтирди.
Гап “Temporary Protected Status” (TPS) ҳақида бормоқда, у табиий офат ёки қуролли можаролар содир бўлаётган давлатлардан келган фуқароларга берилади. Судьяга кўра, ҳукумат бу мақомни бекор қилишда қонун талабларига тўлиқ риоя қилмаган. Шунингдек, у қарор олдиндан белгилаб қўйилгандек кўринганини таъкидлади. Яъни вазиятни ҳақиқий баҳолаш ўрнига сиёсий ёндашув устун бўлган.
Ҳукумат эса бу қарорга қарши чиқди. Расмийлар судни президент сиёсатига тўсқинлик қилаётганликда айблади. Уларга кўра, TPS доимий яшаш ҳуқуқи учун берилмаган ва вақтинчалик чора ҳисобланади. Шу билан бирга, маъмурият миграция сиёсатини қатъийлаштиришни давом эттирмоқчи.
Бу иш кенгроқ жараённинг бир қисми холос. Яқин вақтда АҚШ Олий суди бошқа давлатлар фуқаролари учун ҳам шундай ҳимояни бекор қилиш масаласини кўриб чиқади. Шу сабабли, бу қарор келгусидаги суд ишлари учун ҳам муҳим бўлиши мумкин.
Мусулмон Зиё, ЎзА