Суд ҳужжатлари ижроси доимий эътиборда
Наманганда Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси томонидан вилоят суди ҳамда вилоят маъмурий суди судьялари иштирокида суд ҳужжатлари ижросини самарали ташкил этиш ҳамда ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга бағишланган амалий семинар бўлди.
Тадбирда бюро масъул ходимлари, суд органлари вакиллари ҳамда соҳада фаолият юритувчи мутасаддилар иштирок этиб, ижро жараёнларида юзага келаётган айрим муаммолар, уларнинг ечими ва қонунчиликдаги сўнгги янгиликларни амалиётга самарали жорий этиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Семинар давомида суд қарорлари ва бошқа ваколатли органлар ҳужжатларининг ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли ижро этилишини таъминлаш — фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, одил судлов самарадорлигини ошириш ҳамда қонун устуворлигини таъминлашда муҳим омил экани алоҳида таъкидланди.
Шунингдек, иштирокчилар томонидан ижро ҳужжатлари билан ишлаш жараёнида учраётган муаммоли ҳолатлар юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилиб, судлар ва Мажбурий ижро бюроси ўртасида ахборот алмашинувини тезкор йўлга қўйиш, электрон тизимлардан самарали фойдаланиш ва ижро интизомини янада кучайтириш бўйича таклифлар илгари сурилди.
– Суд идоралари билан ҳамкорликдаги семинар мазмунли, амалий аҳамиятга эга ва юқори савияда ўтди. Анжуманда суд қарорлари ижросини таъминлаш соҳасидаги мавжуд қонунчилик талаблари, амалиётда учраётган муаммолар ҳамда уларни бартараф этишнинг самарали механизмлари атрофлича муҳокама қилинди, – дейди Мажбурий ижро бюроси Наманган вилоят бошқармаси инспектори Элмурод Бекмуродов. – Айниқса, суд ҳужжатларининг ўз вақтида ва тўлиқ ижро этилишини таъминлаш, ижро интизомини мустаҳкамлаш, масъул ходимларнинг ҳуқуқий билими ва масъулиятини ошириш масалалари юзасидан берилган тушунтиришлар барчамиз учун муҳим аҳамият касб этди. Семинар жараёнида мутахассислар томонидан келтирилган амалий мисоллар ва ҳаётий ҳолатлар соҳадаги фаолиятни янада самарали ташкил этиш бўйича зарур кўникмаларни шакллантиришга хизмат қилди.
Семинар якунида қатнашчилар тарафидан билдирилган таклиф ва тавсиялар асосида келгусидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, соҳадаги муаммоларни биргаликда ҳал этиш ҳамда суд ҳужжатлари ижроси самарадорлигини ошириш юзасидан тегишли вазифалар белгилаб олинди.
Наманган шаҳри ва туманлар билан видеоконференция шаклида ўтказилган тадбир очиқ мулоқот, савол-жавоб ва амалий муҳокамалар руҳида ўтди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА