2024-2025 йилларда 7 мингга яқин фуқаро дори воситаларидан заҳарланган
Мамлакатимизда фармацевтика саноати йилдан-йилга ривожланиб бормоқда, маҳаллий дори воситалари ишлаб чиқаришни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Соҳадаги чора-тадбирлар натижасида 2025 йилда фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 2024 йилга нисбатан 28 фоизга ошиб, 4,1 триллион сўмни ташкил этди. Экспорт ҳажми эса 18,6 фоизга ўсган.
Аммо шу билан бирга, аҳоли саломатлигига жиддий хавф туғдираётган сифатсиз, давлат рўйхатидан ўтмаган ва қалбаки дори воситаларининг муомаласи ҳам учраб турибди. Маълумотларга кўра, 2024-2025 йиллар давомида 6 минг 910 нафар фуқаро дори воситаларидан заҳарланган. Шундан 81 нафари вафот этган. Бу ҳолатлар соҳада назорат механизмларини янада кучайтиришни тақозо этади.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий масалалар қўмитасида бир гуруҳ депутатлар ташаббуси билан ишлаб чиқилган “Сифатсиз ва қалбаки дорилар савдоси учун жавобгарликни кескин кучайтириш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокамасига бағишланган семинарда фармацевтика соҳасидаги ишлар таҳлил қилинди.

Қайд этилганидек, амалдаги профилактик ва назорат чораларига қарамай, фармацевтика бозорида контрафакт маҳсулотлар аниқланмоқда. Шунингдек, электрон ахборот тизимлари ўртасида интеграциянинг тўлиқ йўлга қўйилмагани тезкор назорат чораларини самарали қўллаш имкониятларини чекламоқда.
Шунга мувофиқ, Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан соҳа вакилларининг таклифлари асосида сифатсиз ва қалбаки дорилар савдоси учун жавобгарликни кескин кучайтиришга қаратилган қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Қайд этилганидек, қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси ҳамда “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонунига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, сифатсиз ва қалбаки дори воситаларининг ноқонуний муомаласи учун жавобгарликни кучайтириш, лицензия бериш ва бекор қилиш тартибларини такомиллаштириш, электрон назорат тизимлари интеграциясини кучайтириш кабилар таклиф этилмоқда.
Муҳокамаларда таъкидланганидек, соҳада берилган имтиёзлар билан бир қаторда мавжуд муаммоларни бартараф этиш лозим. Соҳада давлат рўйхатидан ўтмаган ёки сифатсиз дори воситаларининг муомаласи билан боғлиқ ҳолатларга чек қўйиш учун жавобгарликни кучайтириш зарурати юзага келмоқда. Шу мақсадда ишлаб чиқилган мазкур қонун лойиҳасини янада такомиллаштириш бўйича бир қатор таклиф ва тавсиялар берилди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА