Стол теннисчиларимиз Тожикистон турнирида муваффақиятли иштирок этмоқда
Тожикистоннинг Данғара шаҳрида стол тенниси бўйича Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон, Тожикистон ва ўзбекистонлик спортчилар иштирокида ўтказилаётган “Президент кубоги” халқаро турнирининг иккинчи кунги баҳслари ҳар жиҳатдан қизиқарли кечди.
Мусобақанинг эркаклар ўртасида ўтган жамоавий баҳсларида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари гуруҳ босқичидаги навбатдаги учрашувда Тожикистоннинг Кўлоб-1 жамоасига қарши кортга чиқди.

Кучли рақибга қарши кечган ушбу қизиқарли учрашувда Ш.Ғуломиддинов, М.Солиев ва М.Ражабовдан иборат терма жамоамиз аъзолари ўз маҳоратини кўрсатиб, 3:0 ҳисобида ғалаба қозонди.
Ўзбекистон аёллар терма жамоаси гуруҳ босқичининг асосий баҳсида Тожикистон миллий терма жамоасига қарши финал йўлланмаси учун кортга чиқди.
Қизларнинг кортдаги шиддатли баҳсларини ҳар икки давлат расмийлари — Ўзбекистон стол тенниси федерацияси бош котиби Гавҳархон Муқаддасова ҳамда Тожикистон стол тенниси федерацияси раиси Иноятулло Раҳмонзода катта ҳаяжон ва қизиқиш билан кузатиб боришди.

Кортда ҳар бир очко учун муросасиз жанг кечди. Ҳамюртимиз Шоира Қодирова ва тожикистонлик Динара Исмоилова ўйинида ҳисоб 2:2 кўринишида якунланган бўлса, Интизор Зокирова Сумая Ҳамидига муносиб қаршилик кўрсатди. Теннисчимиз Мафтуна Гулимова эса тожикистонлик Манизҳа Самадовани, ундан сўнг ҳал қилувчи баҳсда тожикистонлик Динара Исмоиловани мағлуб этиб, терма жамоамизни финалга олиб чиқди.
Бугун, 23 май куни Тожикистонда давом этаётган “Президент кубоги” баҳсларининг ҳал қилувчи ўйинлари бўлиб ўтади.
Т.Рўзиев, ЎзА