Осиё аралаш жанг санъати ассоциацияси билан ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланмоқда
Пойтахтимиздаги “Олимпия шаҳарчаси” спорт мажмуасида аралаш жанг санъати бўйича ёшлар ва катталар ўртасидаги Осиё чемпионати ҳамда “Аичи-Нагоя-2026” ёзги Осиё ўйинларига саралаш мусобақаси доирасида Ўзбекистон Республикаси спорт вазири А.Икромов, Миллий Олимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари О.Умаров, ички ишлар вазири, мамлакат аралаш жанг санъатлари федерацияси раиси А.Тошпўлатов Осиё Олимпия кенгаши вице-президенти, Осиё аралаш жанг санъатлари ассоциацияси президенти Гордон Танг билан учрашув ўтказди.
Мулоқотда жаноб Танг Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги спорт салоҳияти йилдан йилга юксалиб бораётганини эътироф этди. Қитъа чемпионати ва Осиё ўйинларига саралаш мусобақалари юқори савияда ташкил этилаётгани учун миннатдорлик билдирди.
Чемпионатнинг ёшлар ўртасидаги мусобақалари якунида ўзбекистонлик спортчилар 6 та олтин, 5 та кумуш ва 3 та бронза медалини жамғариб, умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни қўлга киритгани билан қутлади.
Учрашувда томонлар ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалаларини атрофлича муҳокама қилди. Билдирилган таклифлар асосида истиқболдаги режалар белгилаб олинди.
Т.Рўзиев, ЎзА