Спортчиларимиз VI Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинларида қатнашмоқда
Бугун, 31 август куни Қирғизистон пойтахти Бишкекда VI Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинларининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтади.
Дунёнинг 90 дан ортиқ мамлакатидан 3 мингдан зиёд спортчи иштирок этаётган ўйинларнинг асосий мусобақалари Бишкек ва Чўлпон-Ота шаҳарларида ташкил этилади. Этноспортнинг 43 та тури бўйича ўтадиган ўйинларда мамлакатимиз спортчилари мусобақаларнинг 32 йўналишида совринли ўринларга даъвогарлик қилади. Юртимиз спортчилари мас-рестлинг, самбо, армрестлинг, кураш, белбоғли кураш, баҳодирлар ўйинлари, улоқ-кўпкари, бел олиш ва учкураш, камондан отиш, от спорти, сумо, ақлий ўйин ҳамда Ўзбек жанг санъати каби спорт турларида ватанимиз шарафини ҳимоя қилади.
Таъкидлаш жоизки, ҳар икки йилда бир маротаба ўтказиладиган Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинларининг илк мусобақалари 2014 йилда айнан Чўлпон-Ота шаҳрида ташкил этилган. IV Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинларига 2022 йили Туркиянинг Бурса шаҳри мезбонлик қилган бўлса, V ўйинлар 2024 йили Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида ташкил этилганди.
Кеча Қирғизистоннинг Иссиқкўл вилоятида мусобақаларга ҳозирлик кўраётган Ўзбекистон спорт делегацияси аъзолари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди.

Йиғилишда Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинларида муносиб иштирок этиш, ҳар бир беллашувда юқори натижаларни қайд этиш учун мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш зарурлиги таъкидланди. Шунингдек, Ўзбекистон вакиллари нафақат спортдаги маҳоратини намоён этиши, балки юртимизнинг бой маданий мероси, миллий қадриятлари ва спорт анъаналарини халқаро майдонда кенг тарғиб этиши лозимлиги қайд этилди.
Миллий ўйинлар ва этноспорт турларини ривожлантириш, миллий қадриятларни халқаро миқёсда оммалаштириш ва турли мамлакатлар спортчилари ўртасида тажриба алмашишга қаратилган VI Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинлари доирасида миллий спорт турлари тараққиётини таъминлашга қаратилган илмий конференция, адабий-бадиий тадбирлар ва давра суҳбатлари ўтказилиши режалаштирилмоқда.
VI Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинлари 7 сентябрга қадар давом этади.
Т. Рўзиев, ЎзА