Хоразмда футбол ривожланади
Ўзбекистон футбол ассоциацияси раҳбарияти Хоразм вилоятида бўлиб, футбол масканлари фаолияти билан танишди.
Хоразм вилояти ҳокими, вилоят футбол ассоциацияси президенти Жўрабек Раҳимов ҳамда ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Ирматов вилоятда футбол инфратузилмасини янада ривожлантириш, футбол оммавийлигини ошириш ҳамда болалар-ўсмирлар футболи учун зарур шарт-шароитларни яратиш масалаларини муҳокама қилди.

Учрашувда Хоразм вилоятида ФИФА ва ЎФА томонидан жаҳон стандартларига жавоб берадиган сунъий қопламали 2 та замонавий футбол машғулот майдонини барпо этиш бўйича муҳим келишувга эришилди.

– Мазкур лойиҳалар вилоят ҳокимлиги билан ҳамкорликда амалга оширилади. Қурилиш ишларини бугуноқ бошлаш бўйича келишиб олдик, – дейди ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Ирматов. – Ушбу ташаббус вилоятда футбол инфратузилмасини мустаҳкамлаш, ёш футболчиларнинг сифатли машғулотлар олиб бориши учун қулай шароит яратиш ҳамда келажакда янги истеъдодларни кашф этишга хизмат қилади.

Ўзбекистон футбол ассоциацияси раҳбарияти ва масъуллари Хоразм спорт мажмуаси ҳудудида жойлашган футбол инфратузилмаси объектлари фаолияти билан яқиндан танишди.
Уларга Хоразм футбол ассоциацияси, Хоразм футбол академияси, футбол клуби фаолияти, шунингдек, таълим хонаси ва лойиҳалаштирилаётган футбол музейи ҳақида батафсил маълумот берилди.

Мавжуд имкониятлар, амалга оширилаётган ишлар ҳамда келгусидаги ривожланиш истиқболлари кўздан кечирилди. ЎФА раҳбарияти томонидан футбол тизимини янада такомиллаштириш, инфратузилмани ривожлантириш ва ёш футболчилар учун яратилаётган шарт-шароитларни яхшилаш юзасидан тегишли кўрсатма ва тавсиялар берилди.

– Хоразмда футболни ривожлантириш, замонавий инфратузилмани шакллантириш ҳамда ёш авлод учун янги имкониятлар яратиш йўлидаги ишлар изчил давом этмоқда, – дейди вилоят ҳокими ўринбосари Шерзод Бердиев. – Бугун Урганч давлат университети ҳудудида қайта реконструкция қилинган замонавий футбол майдонининг очилиш маросимида Ўзбекистон футбол ассоциацияси раҳбарияти келгуси мавсумлардан бошлаб УрДУ футбол жамоасини ташкил этиш ҳамда унинг мамлакатимизнинг юқори футбол лигаларида иштирок этишини таъминлаш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Бу ташаббус университетда футболни ривожлантириш, иқтидорли ёшларни кашф этиш ва Хоразм футболининг рақобатбардошлигини ошириш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлиши кутилмоқда.

Самарали учрашувлар якунида Хоразм вилоятида футболни ривожлантиришга эътибор қаратилиши, амалга оширилаётган лойиҳалар қўллаб-қувватланиши ҳамда яқин кунларда ЎФА ва ФИФА вакиллари биргаликда вилоятга яна ташриф буюриши таъкидланди.
Аҳмаджон Шокиров,
ЎзА мухбири