Спорт таълими: Янги ўқув йили янги истеъдодларни кашф этади
Бугун, 7 сентябрь куни мамлакатимиздаги олий таълим муассасалари қатори Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида янги ўқув йилининг бошланиши муносабати билан ўтказилган тантанали тадбирда профессионал бокснинг WВА йўналиши бўйича собиқ жаҳон чемпиони Исроил Мадримовга педагогика фанлари бўйича фалсафа доктори илмий даражаси ҳамда доцент унвони топширилди.
Тантанали маросимда университет ректори Рашид Маткаримов мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, янги Ўзбекистоннинг бугунги тараққиёт босқичида ҳар жиҳатдан баркамолликка эришган ёшларнинг ўрни юқори бўлаётганлигини эътироф этди. Янги ўқув йили янги истеъдодларни кашф этишда муҳим босқич бўлишини айтиб, талабалик инсон ҳаётидаги энг унутилмас ва масъулиятли даврлардан бири эканлигини таъкидлади.

Тантанали маросимда университетнинг фахрий устозлари, Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги мутасаддилари, ёзги Олимпия ўйинлари совриндорлари ҳамда бошқа таниқли спорт юлдузлари иштирок этиб, талаба-ёшларни янги ўқув йилининг бошланиши билан муборакбод этди.

Ота-оналар, талабалар иштирок этган тадбирда дастлабки ўқув ҳафталигида талабаликка қабул қилинган ёшлар учун “Биринчи курс мактаби”, “Кредит таълими тизимига кириш” ҳафталиги ҳамда “Талабаликка бағишлов” тадбирлари ташкил этилиши айтиб ўтилди.
Тадбир якунида университетнинг бир гуруҳ профессор-ўқитувчиларига илмий даража ва унвонлар тантанали равишда топширилди.
Т.Рўзиев, ЎзА