Маҳалладаги спорт зали – соғлом авлод маскани
Фарғона вилоятида ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларни спортга кенг жалб қилиш ва маҳаллаларда соғлом турмуш тарзини қарор топтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Зеро, спортнинг оммалашуви, аввало, маҳалладан бошланади. Боланинг биринчи спорт майдони ҳам, биринчи мусобақаси ҳам кўп ҳолларда ўз маҳалласида ўтади.
Куни кеча Олтиариқ туманидаги “Юксалиш” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида ҳомийлар кўмагида барпо этилган замонавий спорт мажмуаси фойдаланишга топширилди. Унинг очилиш маросимида вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, маҳалла аҳли, кенг жамоатчилик ва ёшлар иштирок этди.
Дастлаб меҳмонлар “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида мажмуа ҳудудига дарахт кўчатлари экдилар. Сўнгра маҳалла ёшлари билан спортни ривожлантириш ҳақида вилоят ҳокимининг ўзи бафуржа суҳбатлашди.




Бугун маҳаллаларда барпо этилаётган мини-футбол майдонлари, универсал спорт майдончалари, тренажёрлар ва ёпиқ спорт заллари ёшлар учун янги имкониятлар яратмоқда.
Фарғона вилоятида 1017 та маҳалла мавжуд. 2026 йилда вилоятнинг барча маҳаллаларига спорт анжомлари етказиб берилгани ҳам бу йўналишдаги ишларнинг кўламини кўрсатади.




Аммо спорт анжомини маҳаллага олиб келишнинг ўзи етарли эмас. Энг муҳими, ундан ҳар куни, самарали ва мақсадли фойдаланиш.
Шу нуқтаи назардан, маҳаллаларда спорт залларини қуриш масаланинг бир томони бўлса, уларни замонавий жиҳозлар билан таъминлаш, иситиш ва ёритиш тизимларини яхшилаш кабилар ҳам муҳим вазифадир. Чунки спорт иншооти қанча замонавий бўлмасин, агар унда ёшлар мунтазам шуғулланмаса, унинг ижтимоий самараси паст бўлади.
Маҳалла спорти ҳақида гап кетганда яна бир муҳим жиҳат бор. Бу мураббийлар ва спорт ташкилотчилари.
Ёшларни спортга қизиқтириш, уларнинг қобилиятини аниқлаш, мунтазам машғулотга жалб қилиш учун фақат спорт майдонининг ўзи кифоя қилмайди. Болалар билан ишлайдиган малакали мураббий, жисмоний тарбия ўқитувчиси ёки спорт йўриқчиси бўлиши керак.
Маҳалладаги иқтидорли ёшларни аниқлаш ва уларни спорт мактабларига йўналтириш ҳам шу тизимнинг муҳим бўғинидир.
Бугун маҳалла спорт майдонида футбол ўйнаётган бола эртага профессионал футболчи бўлиши, кураш билан шуғулланаётган ўсмир мамлакат чемпионатида ғолиб чиқиши мумкин. Бунинг учун уни ўз вақтида кўриш ва қўллаб-қувватлаш зарур.
Маҳалла спортида қизларнинг иштироки масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратиш лозим.
Қизлар учун волейбол, баскетбол, гимнастика, енгил атлетика, стол тенниси, шахмат ва бошқа спорт турларида машғулотлар ташкил этиш уларнинг нафақат жисмоний саломатлиги, балки ўз-ўзига ишончини ҳам оширади.
Шунинг учун маҳалла спорт залларида қизлар учун алоҳида машғулот вақтларини белгилаш, уларга муносиб шароит яратиш ва малакали мураббийларни жалб этиш муҳим.
Бир сўз билан айтганда, спорт иншоотлари ҳисобот учун эмас, ёшлар учун ишлаши керак.
Муҳаммаджон Обидов,
ЎзА