Спорт курашлари: Жаҳон чемпионатида полвонларимиз 3 та медалга сазовор бўлди
Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида спорт курашлари бўйича жаҳон чемпионати давом этмоқда. Юнон-рум кураши баҳсларида Ўзбекистон терма жамоаси вакиллари 1 та кумуш ва 2 та бронза медалини қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида учинчи ўринни эгаллади.
Мусобақанинг 67 килограммгача вазн тоифасида финалга қадар етиб борган Айтжан Халмаханов ҳал қилувчи беллашувда эронлик Саид Лейвейси билан куч синашди. Афсуски, ҳамюртимиз рақибига имкониятни бой бериб, жаҳон чемпионатининг кумуш медали билан кифояланди.
-63 килограмм вазн тоифасида Озодбек Ҳалимбоев бронза медали учун кечган баҳсда болгариялик Эдмонд Назарянни 7:3 ҳисобида мағлуб этди. Шу тариқа, полвонимиз жаҳон чемпионатининг бронза медалига сазовор бўлди. Шунингдек, -60 килограмм вазнда иштирок этган Алишер Ғаниев ҳам мусобақани бронза медали билан якунлади.
Юнон-рум кураши бўйича баҳслар якунларига кўра, Ўзбекистон терма жамоаси 80 очко жамғариб, умумжамоа ҳисобида учинчи ўринни эгаллади. Эрон терма жамоаси 192 очко билан биринчи, Озарбайжон вакиллари эса 104 очко билан иккинчи бўлди.
Айни пайтда Остонада спорт курашлари бўйича жаҳон чемпионатининг бошқа йўналишларида ҳам беллашувлар давом этмоқда.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА