“Спартак” Тошкентда зафар қучди
Пойтахтимизда жойлашган "Ҳумо арена" кўп тармоқли мажмуада “World Hockey Games” акцияси доирасида "Минтақавий хоккей лигаси"нинг навбатдаги туридан ўрин олган учрашув ташкил этилди.

Ушбу баҳсда Беларуснинг Минск шаҳри шарафини ҳимоя қилувчи "Динамо" жамоаси Россиянинг "Спартак" клубига қарши музга чиқди. Учрашувнинг асосий вақти 2:2 ҳисобида якунланди ва жамоалар овертаймда ўзаро рақобатлашди. Унда Адам Ружикча гол уриб, "Спартак" ғалабасини таъминлади.
Шу тариқа, "Спартак" очколари сонини 53 тага етказиб олган ҳолда “МХЛ” Мунтазам чемпионатининг турнир жадвалида иккинчи ўриндан жой олган бўлса, "Динамо" мағлубиятдан сўнг 43 очко билан еттинчи ўринга тушиб кетди.

"Ҳумо арена" мажмуасида мазкур ўйинни кузатиш учун жами 9 минг 405 нафар мухлис ташриф буюрди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА