Сўзи кескир, қалами ўткир устоз журналист
17 январь – миллий журналистикамиз ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган устоз ижодкор Шароф Убайдуллаев таваллуд топган кун.
Устоз журналист, публицист ва ёзувчи Шароф Убайдуллаев борини борича сўзлайдиган, ҳамма нарсани ўз номи билан атайдиган, дангал, чўрткесар, ҳалол, меҳнатсевар, заҳматкаш ижодкорлардан.
Шароф ака узоқ йиллар давомида “Тошкент оқшоми”, “Ўзбекистон овози” каби босма нашрларда самарали меҳнат қилганлар. Давлат ва жамоат арбоблари, етук олимлар, қурувчи ва муҳандислар, деҳқон ва боғбонлар, умуман, турли соҳада илғор бўлган ҳамюртларимиз, хорижий олимлар, сиёсатшунослар, давлат раҳбарлари ҳақида очерклар, йирик публицистик материаллар, таҳлилий мақолалар, улар иштирокида залворли суҳбатлар тайёрлаган ижодкор сифатида кўпларимиз учун ғоят қадрли устоздир.
Шароф Убайдуллаев миллий журналистиканинг барча жанрларида эркин ва жуда ибратли тарзда ижод қилаётган қаламкашлардан. Жамиятда кечаётган оғриқли масалалар, турли муаммолар, камчиликлар Шароф Убайдуллаевнинг зийрак нигоҳидан, тиғи ўткир қаламидан, кескир сўзидан ҳали ҳануз қочиб қутилган эмас.
Устоз журналист босма оммавий ахборот воситаларида меҳнат қилган даврларда ҳамкасблари, жамоадошларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, уларнинг меҳнатини эътироф этиш, рағбатлантиришга катта эътибор қаратгани ҳозир кўпларимиз учун ибрат мактабидир.
Ҳамкасбларининг ижтимоий, иқтисодий муаммоларини ҳал этиш, қалам аҳлига далда бўлиш, қўллаб-қувватлаш, уларга доим елкадош бўлиш Шароф Убайдуллаевнинг ҳаёт шиори, умри давомида мудом қатъий риоя этиб келаётган ғоясидир. Устоз журналист ҳаётнинг турли синовларини сабр ва матонат билан енгиб ўтгани унинг нечоғли иродаси метин инсон эканини англатади.
"Нуроний" жамғармаси республика бошқаруви раиси ўринбосари, ўзбек журналистикаси дарғаларидан бири, атоқли журналист, ўткир мавзуларни кенг, таҳлилий тарзда ёритиши билан ном қозонган публицист Шароф Убайдуллаев бугун табаррук 82 ёшни қаршилади.
Тўқдан кўра йўққа кўмак кўрсатиш, аҳволи оғир, кўнгли ярим кексалар, эътиборталаб хонадонлардан хабар олиш, уларга ёрдам бериш бугун ҳам устоз журналистнинг доимий эътиборида.
Назокат Усмонова,
ЎзА мухбири