Солиққа оид қоидабузилиш тан олинса, иш судгача бормайди
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда депутатлар дастлаб давлатимиз раҳбарининг пойтахтимиздаги Амир Темур хиёбонига ташрифи ва унда илгари сурилган таклиф-ташаббуслар аҳамияти ҳақида сўз юритди.
Қайд этилганидек, бу йил Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги кенг нишонланди. Соҳибқироннинг “Куч – адолатда” деган шиори бугун ҳам Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларда муҳим дастурий аҳамият касб этмоқда.
Депутатлар “Темурийлар тарихи” давлат музейи тубдан реконструкция қилиниб, замонавий технологиялар билан бойитилганини эътироф этдилар. Музейда интерактив экспозициялар, 3D форматдаги намойишлар жорий қилиниб, аждодлар меросини кенг тарғиб этиш учун барча шароитлар яратилгани ёш авлод вакиллари учун айни муддао бўлгани таъкидланди.
Йиғилишда тадбиркорларга енгилликлар яратишга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди. Ушбу ҳужжат билан Иқтисодий процессуал ҳамда Солиқ кодексларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Хусусан, солиқ тўловчи тадбиркорлик субъекти ўз ҳуқуқбузарлигини тан олган ва эътироз билдирмаган ҳолларда, унинг банк ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш ҳамда камчиликлар бартараф этилгандан сўнг чекловларни бекор қилиш ваколати бевосита солиқ органларига берилиши белгиланмоқда. Мақсад қоидабузилиш тан олинса, иш судгача бормайди. Бу жараёнларни тезкор ва самарали ташкил этишга хизмат қилади.
Шу билан бирга, агар солиқ тўловчи солиқ органи қарорига нисбатан эътироз билдирса, ҳисобварақлар бўйича операцияларни тўхтатиш масаласи фақат суд орқали ҳал этилиши белгиланмоқда.
Солиқ органи эътироз келиб тушган кундан бошлаб уч кун ичида судга мурожаат қилиши шарт бўлиб, бу тадбиркорлик субъектларининг фаолияти асоссиз тўхтаб қолишининг олдини олишга қаратилган муҳим кафолат ҳисобланади.
Қонун лойиҳасида тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, солиқ органи судга мурожаат қилганда солиқ тўловчининг эътирози, қонунбузилиш ҳолатлари ва хабарнома юборилганини тасдиқловчи далилларни тақдим этиши шартлиги белгиланмоқда. Агар суд томонидан операцияларни тўхтатиш рад этилса ёки камчиликлар бартараф этилгани аниқланса, қарор қонуний кучга кирган куннинг ўзидаёқ ҳисобварақлар фаолияти тикланиши назарда тутилмоқда.
Муҳтарама Комилова, ЎзА