Молиявий ҳисоботнинг миллий стандарти маъқулланди
Ўзбекистонда бухгалтерия ҳисоби ва молиявий ҳисобот тизимини такомиллаштиришга қаратилган муҳим ислоҳот амалга оширилди. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган молиявий ҳисоботнинг миллий стандарти расман тасдиқланди.
Янги ҳужжат мамлакатда молиявий ҳисоботларни тайёрлаш ва юритишда ягона ёндашувни шакллантиришга хизмат қилади. У корхоналар молиявий маълумотларини янада аниқ, тушунарли ва ишончли кўринишда тақдим этиш имкониятини кенгайтиради.
Мазкур стандарт “Молиявий ҳисоботларни тайёрлаш асослари ҳисоб сиёсати ва ҳисоб баҳолари” номи билан давлат рўйхатидан ўтказилган. Унда ташкилотларда ҳисоб сиёсатини белгилаш, молиявий кўрсаткичларни баҳолаш ҳамда хатоларни тузатишнинг умумий қоидалари акс эттирилган.
Стандартнинг асосий мақсади молиявий ҳисоботлар сифати ва ишончлилигини ошириш, шу билан бирга, турли корхоналар ва даврлар кесимида маълумотларни таққослашни осонлаштиришдан иборат. У юртимизда фаолият юритаётган аксарият юридик шахсларга татбиқ этилади. Айрим махсус тоифадаги ташкилотлар эса мазкур талаблардан мустасно бўлиши мумкин.
Янги тартиблар натижасида молиявий ҳисоботлар янада шаффоф бўлиши, бизнес муҳитида очиқлик кучайиши ва инвесторлар учун тушунарли маълумотлар базаси яратилиши кутиляпти. Шунингдек, кичик ва ўрта бизнес субъектлари учун халқаро стандартларга мослашиш имкониятлари кенгаяди.
Мутахассисларнинг фикрича, ушбу стандарт миллий бухгалтерия тизимини янги босқичга олиб чиқиб, уни халқаро амалиётга яқинлаштиришда муҳим ўрин тутади.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА