Солиққа оид 476,8 миллиард сўмлик шикоят келиб тушган
Ўзбекистонда тадбиркорлар ва солиқ органлари ўртасида юзага келадиган баҳсларни судгача ҳал этиш амалиёти тобора такомиллашиб бормоқда. Бу эса бир томондан тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга хизмат қилса, иккинчи томондан солиқ маъмуриятчилигида очиқлик ва шаффофликни таъминлашга кўмаклашмоқда.
Солиқ қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йил 1 июнь ҳолатига қадар солиқ низолари бўйича жами 476,8 миллиард сўмлик 109 та шикоят келиб тушган. Низоларнинг асосий қисми солиқ аудити ҳиссасига тўғри келади. Келиб тушган мурожаатларнинг асосий қисми солиқ аудити натижалари билан боғлиқ бўлган.
Жумладан, 344,6 миллиард сўмлик 76 та мурожаат — солиқ аудити бўйича, 132,2 миллиард сўмлик 33 та мурожаат — сайёр солиқ текширувлари бўйича мурожаатлар келиб тушган.
Бу рақамлар солиқ назоратининг энг кенг қўлланиладиган шакли бўлган аудит жараёнлари тадбиркорлар билан боғлиқ баҳсларнинг асосий манбаи бўлиб қолаётганини кўрсатади.
Статистик маълумотларга кўра, кўриб чиқилган мурожаатларнинг маълум қисми бўйича солиқ тўловчиларнинг эътирозлари асосли деб топилган. Хусусан, 1,4 миллиард сўмлик 5 та мурожаатда солиқ тўловчиларнинг позицияси қисман қаноатлантирилган. Уларнинг 4 тасида 0,6 миллиард сўмлик қисми бўйича қарорлар қайта кўриб чиқилган.
Бироқ аксарият ҳолатларда солиқ органлари қабул қилган қарорлар қонуний ва асосли деб топилган. Жумладан, 362,4 миллиард сўмлик 83 та мурожаат бўйича солиқ хизмати органларининг қарорлари ўз кучида қолдирилган ҳамда мурожаатчиларга белгиланган тартибда ҳуқуқий тушунтиришлар берилган. Бу ҳолат солиқ назорати жараёнларида қабул қилинаётган қарорларнинг катта қисми ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкам эканини кўрсатади.
Айни вақтда 113 миллиард сўмлик 21 та мурожаат юзасидан ўрганиш ишлари давом этмоқда. Мазкур мурожаатлар бўйича якуний қарорлар қабул қилингач, йилнинг биринчи ярми бўйича солиқ низоларининг умумий манзараси янада аниқлашади.

Қайд этилишича, солиқ низоларини судгача ҳал қилиш механизми бир қатор муҳим афзалликларга эга. Аввало, бу тадбиркорларга вақт ва маблағни тежаш имконини беради. Чунки суд жараёнлари кўп вақт талаб қилиши мумкин. Шу билан бирга, мурожаатларни маъмурий тартибда қайта кўриб чиқиш орқали эҳтимолий хатоларни бартараф этиш имконияти пайдо бўлади.
Яна бир муҳим жиҳат — мазкур механизм солиқ органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини кучайтиришга хизмат қилади. Агар тадбиркор қарордан норози бўлса, у ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун қўшимча имкониятга эга бўлади.
Таҳлилларга кўра, келиб тушган мурожаатларнинг асосий қисми бўйича солиқ органлари қарорлари ўз кучида қолдирилгани солиқ назорати сифатининг ошиб бораётганидан далолат беради. Шу билан бирга, айрим мурожаатларнинг қисман қаноатлантирилгани шикоятларни кўриб чиқиш жараёни формал эмас, балки ҳар бир ҳолат алоҳида ва холис баҳоланишини кўрсатади.
Шу маънода, судгача ҳал этиш институти давлат ва бизнес ўртасидаги муносабатларни мувозанатлаштириш, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш ҳамда солиқ соҳасида қонунийликни таъминлашнинг муҳим воситаларидан бири бўлиб қолмоқда. Ушбу амалиётнинг янада такомиллаштирилиши тадбиркорларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш ва солиқ маъмуриятчилигининг самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА