“Қашқадарё – Хефей” бизнес-форуми бўлиб ўтмоқда
Қашқадарё вилоятида Хитой Халқ Республикасининг Анхой провинцияси хусусан Хефей шаҳри тадбиркорлар делегацияси иштирокида “Қашқадарё – Хефей” бизнес-форуми бўлиб ўтмоқда.
22-25 июнь кунлари Шаҳрисабз туманидаги Мираки халқаро туризм марказида ташкил этилаётган форум икки ҳудуд ишбилармон доиралари ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва экспорт салоҳиятини янада юксалтиришга қаратилган.

Тадбир доирасида маҳаллий тадбиркорлар ҳамда хитойлик ҳамкорлар ўртасида тўғридан-тўғри В2В учрашувлар ташкил этилади. Унда қўшма корхоналар ташкил этиш, инвестициялар жалб қилиш, замонавий технологиялар ва ускуналарни жорий этиш, шунингдек, экспорт шартномаларини имзолаш масалалари муҳокама қилиниши режалаштирилган.

Делегация таркибидан қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, агросаноат ва озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш, фармацевтика, доривор ўсимликлар етиштириш, қайта тикланувчи энергетика, автосаноат, махсус техника, электроника, сунъий интеллект, экология ҳамда тўқимачилик соҳаларида фаолият юритувчи компаниялар ўрин олган.

Таъкидланишича, мазкур форум маҳаллий тадбиркорлар учун халқаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, янги бозорларга чиқиш ва илғор технологияларни жалб қилиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.

Қурилиш, саноат, қишлоқ хўжалиги, энергетика, фармацевтика, тўқимачилик ва хизмат кўрсатиш соҳаларида фаолият юритаётган тадбиркорлар В2В учрашувларда иштирок этиш орқали хитойлик шериклар билан ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилиш имкониятига эга бўлмоқда.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири