“Солиқ тўлаш куни” нишонланди
Хоразм вилоят солиқ бошқармаси томонидан Гурлан туманида солиқ тўловчилар ўртасида “Солиқ тўлаш куни” акцияси ташкил этилди.
Аҳолининг электрон тўлов тизимларидан фойдаланишини кенгайтириш, солиқ тўловларини соддалаштириш ҳамда шаффофликни таъминлаш мақсадида ўтказилган акциялар доирасида фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига замонавий электрон хизматлар орқали солиқ тўлашнинг афзалликлари кенг тушунтирилди. Хусусан, нақдсиз ҳисоб-китоблар орқали солиқларни тўлаш вақтни тежаш, ортиқча сарсонгарчиликнинг олдини олиш ва инсон омилини қисқартириш имконини бераётгани алоҳида таъкидланди.
[gallery-28872]
– Ривожланган давлатлар тажрибасидан маълумки, аҳолининг солиқ маданиятини юксалтириш, таъсирчан, ўзига хос ва ноанъанавий тарғибот тадбирлари орқали солиқларни ўз вақтида тўлаш ҳар бир инсон учун юксак бурч ва масъулият, деган тушунчани аҳоли онгида шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилади, – дейди Гурлан тумани солиқ инспекцияси инспектори Равшанбек Раҳимбоев. – Шу сабаб, кўплаб хорижий давлатлар аҳолисининг 90 фоизидан ортиғида мол-мулк ва ер солиқларини ўз вақтида онлайн тўлаш кўникмаси шаклланган. Бугунги кунда мамлакатимиз солиқ тизимида аҳолига рақамли ва электрон хизматлар кўрсатиш кўламини кенгайтириш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Натижада, аҳолининг электрон тўлов тизимларидан фойдаланиши учун кенг имкониятлар яратилмоқда. Бугунги акция эса аҳолининг бу борадаги хабардорлигини яна оширади.

Акция жараёнида солиқ органлари ходимлари томонидан аҳоли гавжум ҳудудларда сайёр хизмат нуқталари ташкил этилиб, фуқароларга электрон тўлов тизимларидан фойдаланиш бўйича амалий кўмак кўрсатилди. Шунингдек, солиқ қарздорлигини аниқлаш, уни онлайн тарзда бартараф этиш ва шахсий кабинетлардан фойдаланиш тартиби бўйича батафсил тушунчалар берилди.
Тадбир давомида кенг жамоатчилик, ёшлар ҳамда кичик бизнес вакилларининг фаол иштироки кузатилди. Бу эса рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йўлидаги муҳим қадам бўлиб, электрон тўлов хизматларига бўлган қизиқиш тобора ортиб бораётганини кўрсатади.
– Мен “Солиқ.уз” мобил иловаси ҳозирги кунда нафақат тадбиркорлар, балки оддий фуқаролар учун ҳам энг керакли рақамли восита эканлигини билдим, – дейди солиқ тўловчи Йўлдош Жапақов. – Уни телефонимга ўрнатиб олдим. Бу иловада солиқ қарзларини назорат қилиш ва тўлаш мумкин экан. Тўловларнинг муддати, суммаси, тўлов тарихи барчаси мужассам. Энди зарурат бўлганда СТИР (ИНН) қоғозини қидириб юриш шарт эмас, у иловада электрон шаклда доим тайёр туради. Бундан ташқари, иш жойингиздан оладиган иш ҳақи ва тўланган даромад солиғи ҳақидаги маълумотларни юклаб олишингиз ҳам мумкин. “Кешбек” тизими эса фуқаролар фойдали илова экан.

Бундай акциялар нафақат солиқ тушумларини оширишга, балки аҳоли ўртасида молиявий ва ҳуқуқий саводхонликни юксалтириш, шунингдек, солиқ маданиятини шакллантиришда ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Шу билан бирга, электрон тўлов тизимларининг оммалашуви яширин иқтисодиёт улушини қисқартиришга хизмат қилади.
Мазкур акция вилоят бўйлаб давом этмоқда.
Аҳмаджон Шокиров, Беҳзод Саидов (сурат, видео), ЎзА мухбирлари