Географик номлар билан боғлиқ брендлар янада машҳур бўлади
Мамлакатимиз ҳудудларида географик кўрсаткичлар сифатида рўйхатдан ўтказилиши мумкин бўлган ноёб маҳсулотлар кўп. “Гастрономик туризм”ни янада ривожлантириш ҳудудларга сайёҳлар оқимининг кўпайишига, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги имижини янада яхшилашга хизмат қилади.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциясининг йиғилишида муҳокама қилинган “Келиб чиқиш жой номлари ва географик кўрсаткичлар тўғрисидаги Лиссабон битимининг Женева актига (Женева, 2015 йил 20 май) Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши ҳақида”ги қонун лойиҳаси айни мақсадга қаратилган.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш йўлида кўплаб халқаро шартномаларга қўшиляпти. Женева акти ҳам ана шундай ҳужжатлардан бири бўлиб, у орқали товар келиб чиққан жой номлари ва географик кўрсаткичлар Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилоти доирасидаги ягона қоидалар асосида муҳофаза қилинади.
Қайд этилганидек, географик кўрсаткичлар халқаро амалиётда кенг тарқалган бўлиб, биргина Европа Иттифоқи давлатларида 3000 дан ортиқ географик кўрсаткичлар ва товар келиб чиққан жой номлари рўйхатдан ўтказилган.

Ўзбекистоннинг ушбу ҳужжатга қўшилиши мамлакатнинг туризм салоҳиятини янада кенгайтириш, айниқса, географик номлар билан боғлиқ ҳудудий брендлар машҳурлигини оширишда муҳим аҳамиятга эга.
Женева акти эса айнан бундай муносабатларни халқаро миқёда тартибга солади. Яъни, Ўзбекистоннинг жой номлари билан боғлиқ миллий маҳсулотлари Женева акти орқали халқаро миқёсда ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилинади.

Бугунги кунда ушбу тизимдан 1060 та товар рўйхатдан ўтказилган.
Депутатлар томонидан қайд этилишича, эндиликда Женева актига қўшилиш орқали маълум бир ҳудудга хос, айниқса, қишлоқ хўжалиги ва ҳунармандчиликка оид маҳсулотларимизни халқаро даражада ҳам оммалаштириш имкониятига эга бўламиз. Бу минтақавий брендларни ривожлантириш, бозор муносабатларини яхшилашга хизмат қилади.
Муҳтарама Комилова, ЎзА