Соҳибқирон таваллудига бағишлаб ёшлар фестивали ўтказилди
Сурхондарё вилояти Термиз тумани “Янги Ўзбекистон” массиви ҳудудида ёшлар фестивали бўлиб ўтди.
Тадбир вилоят ҳокимлиги, Миллий гвардия Чавандозлар мактаби, Қорабайир отлари маҳорат мактаби ҳамда Термиз давлат педагогика университети ҳамкорлигида ташкил этилди.

Фестиваль буюк саркарда Амир Темур таваллудининг 690 йиллигига бағишланиб, “Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!” шиори остида ўтказилди.

Тадбир ёшларни миллий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашга қаратилиб, улар ўртасида ватанпарварлик туйғуларини мустаҳкамлаш асосий мақсадлардан бири бўлди.

Фестиваль дастури маданий чиқишлар ва кўргазмаларга бой тарзда ташкил этилди. Унда иштирок этган вилоят ҳокими У. Қосимов ёшлар билан самимий мулоқот қилди.

Тадбир доирасида ёшлар учун отларда сайр қилиш имконияти яратилди. Бу Миллий гвардия Чавандозлар мактаби томонидан ташкил этилди. У ёшларда катта қизиқиш уйғотди.
Шунингдек, Қорабайир отлари маҳорат мактаби чавандозлари чиқиш қилди. Улар Амир Темур сиймосида саҳнага кириб келди. Чиқишлар миллий либос ва анъаналар асосида намойиш этилди. Бу томошабинларда катта таассурот қолдирди.
Фестиваль якунида ёшлар ўртасида бирлик ва дўстликни мустаҳкамлаш муҳимлиги таъкидланиб, бундай тадбирларни мунтазам ўтказиш зарурлиги қайд этиб ўтилди.
Н. Раҳмонова, ЎзА