Содиқжон Абдуллаев юксак марраларни кўзламоқда
Мамлакатимизда навқирон авлодни спортга кенг жалб этиш ва уларни жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишлари учун кенг имкониятлар яратилмоқда. Бунинг самарасида қитъа ҳамда жаҳон чемпионатлари, Олимпия ва Осиё ўйинларида Ватанимиз шарафини юксалтираётган ёшларимиз сафи тобора кенгаймоқда.
Ана шундай ёшлардан бири — ўқ отиш спорти бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси Содиқжон Абдуллаев. Мерганимиз 2005 йил 11 март куни Наманган вилояти Косонсой туманида таваллуд топган. У 2019 йил Тоҳиржон Абдуллаев қўл остида «Ватанпарвар» ташкилоти тизимидаги спорт-техника клубида ўқ отиш спортининг илк сабоқларини ўргана бошлади. Кейинчалик тажрибали мураббийлар Муҳаббат Кондакова ва Татьяна Тарасова раҳбарлигида олиб борилган машғулотлар унинг маҳоратини янада оширди.
2022 йил мерганимиз фаолиятида муҳим босқич сифатида қайд этилди. Ўзбекистон чемпионатида 25 метр масофадаги майда калибрли тўппонча йўналишида бронза медалини қўлга киритган бўлса, мамлакат кубогида 10 метр масофада пневматик қуролда олтин медалга сазовор бўлди. Ўша йили Жанубий Кореяда ўтказилган Осиё чемпионатида жамоавий баҳсларда ва 2023 Минск шаҳридаги МДҲ ўйинларида бронза медалига сазовор бўлди.
2025 йилда Қозоғистонда ўтказилган Осиё чемпионатида тўртинчи ўрин ва “В.Почивалов” халқаро турнирида кумуш медаль билан тақдирланди. Миллий мусобақаларимизда эса энг яхшилар қаторида эътироф этилди.
Жорий йилнинг февраль ойида Нью-Деҳли шаҳрида ўтказилган Осиё чемпионати Содиқжон Абдуллаев учун янги босқични бошлаб берди. Унда мерганимиз терма жамоамиз ҳисобига кумуш медални қўшиб қўйди.
Содиқжон Абдуллаев нафақат спортда, балки таълим соҳасида ҳам ўз устида ишлаб келмоқда. У айни дамда “Alfraganus” университетининг жисмоний тарбия ва спорт факультетида таҳсил олмоқда. Бу эса унинг келгусида етук мутахассис сифатида шаклланишига хизмат қилади.
Содиқжоннинг ҳар бир натижаси ортида мунтазам машғулотлар, юқори интизом ва кучли ирода мужассам. Мерганимиз ўзбек спортининг истиқболли вакилларидан бири сифатида эътироф этилмоқда. У мамлакатимиз спорт нуфузини халқаро майдонларда янада юксалтиришига ишонамиз.

Жавоҳир Тошхўжаев, Ҳотам Мамдалиев (сурат), ЎзА