Сирдарё вилояти делегацияси саммитда иштирок этди
Сирдарё вилояти делегацияси Хитойдаги самарали музокаралардан сўнг Таиланднинг Бангкок шаҳрига йўл олди. Бу саёҳат нафақат халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, балки вилоятнинг рақамли ва инвестицион салоҳиятини кенг жаҳон ҳамжамиятига намоён этиш имконини берди.
Ташрифнинг илк кунида делегация аъзолари Осиё ва Океания минтақасидаги IT ва рақамли технологиялар соҳасида нуфузли ASOCIO AI Summit 2026 саммитида иштирок этди. Унда дунёнинг 24 та мамлакатидан вакиллар йиғилиб, ҳамкорлик ва инвестиция имкониятлари муҳокама қилинди.
Саммитда Сирдарё вилоятининг рақамлаштириш салоҳияти, инвестицион имкониятлари ҳамда IT соҳасини ривожлантиришга қаратилган ташаббуслари кенг тақдим этилди. Шунингдек, вилоят ҳокимлиги расман ASOCIO ташкилотига аъзоликка қабул қилинди.

Тадбир доирасида Покистоннинг P@SHA, Филиппиннинг IBPAP, Бангладешнинг J.A.N. Associates Ltd, Япониянинг JISA ва Индонезиянинг FTII каби халқаро IT ассоциациялари билан амалий келишувлар имзоланди. Бу ҳамкорлик стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш, қўшма ташаббусларни амалга ошириш ва глобал ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилади. Шу орқали вилоятда BPO хизматлари, IT-экспортни ривожлантириш ва илғор хорижий тажрибани жалб қилиш учун янги имкониятлар яратилади.

Ушбу ташриф Сирдарё вилоятининг халқаро майдондаги нуфузини янада ошириш билан бирга, вилоят саноати ва IT сектори ривожи учун аниқ ва амалий қадамларни белгилайди.
Ғулом Примов, ЎзА