Sinquefield Cup-2026: Уэсли Со-Жавоҳир Синдоров “жанги” чемпионни аниқлаб бера оладими?
Бугун, 19 август куни АҚШнинг Сент-Луис шаҳри шахмат бўйича ўтаётган “Sinquefield Cup-2026” турнирининг сўнгги 9-тур баҳсида маҳоратли гроссмейстеримиз Жавоҳир Синдоров қора доналарда америкалик Уэсли Со билан куч синашади.
Мазкур тўқнашув “Grand Chess Tour” сериясининг ҳал қилувчи босқичида қайсидир маънода ғолибни аниқлаб бериши билан аҳамиятли саналади.
Сабаби, Уэсли Со-Жавоҳир Синдоров “жанги”да ҳамюртимиз ғалаба қозонса, шунингдек, чемпионликка даъвогарлар ҳиндистонлик Рамешбабу Праггнанандҳа ва германиялик Винсент Кеймер охирги турда рақибларига имкониятни бой берса, “Sinquefield Cup-2026” ғолиблик шамоли Ўзбекистонга юзланади.
Бироқ, 9-турда Рамешбабу Праггнанандҳа оқ доналарда 9-ўринда бораётган нидерландиялик Аниш Гири билан, Винсент Кеймер қора доналарда Жорден ван Форест билан куч синашиши ушбу эҳтимолнинг ҳақиқатга айланиши анча мураккаблигини кўрсатаётгандек, назаримизда.

Бундан ташқари, турнир пешқадами ва шу билан бирга мусобақанинг амалдаги чемпиони Уэсли Сонинг мусобақа давомидаги шиддати ғолибликни қўлдан бой берадиган даражада эмаслиги, уни Синдоров билан ўйинда дуранг ҳам қаноатланишини эътиборга олсак, вазият кутганимиздек енгил эмаслигини англатмоқда.
Нима бўлганда ҳам, кеча ўтказилган 8-турда Синдоров турнирдаги иккинчи ғалабасини тантана қилганлиги биз учун омад ва умид қўнғироқларини чалаётгандек.

Ўтган 7-турда қора доналарда Сент-Луис мусобақаси ғолиблигига даъвогарлардан бири германиялик Винсент Кеймерни мағлубиятга учратган Жавоҳир 8-турда нидерландиялик Жорден ван Форестни доғда қолдирди.
Ортда қолган турда Рамешбабу Праггнанандҳа қора доналарда франциялик Максим Вашье-Лагравни, Винсент Кеймер оқ доналарда америкалик Фабиано Каруанани енгди. Қолган иккита турда муроса йўли танланди.
9-тур ўйинлари олдидан америкалик Уэсли Со 5 очко билан пешқадамлик қилмоқда. 2-поғонани банд этган Рамешбабу Праггнанандҳа ҳисобида ҳам 5 очко мавжуд. Синдоров ва Винсент Кеймер 4,5 очко кейинги ўринларни эгаллаб турибди.
Эслатиб ўтамиз, мусобақада ғолибликни қўлга киритган шахматчи 100 минг АҚШ доллари билан, 2-ўрин соҳиби 65 минг, 3-ўрин 50 минг, 4-ўрин 35 минг, 5-ўрин 25 минг, 6-ўрин 20 минг, 7-ўрин 18 минг, 8-ўрин 15 минг, 9-ўрин 12 минг ҳамда 10-ўрин 10 минг АҚШ доллари билан тақдирланади.
Тўлқин Рўзиев,
ЎзА