Сингапур жаҳон иқтисодий рейтингида Швейцарияни ортда қолдирди
Анъанавий етакчи Швейцария дунёнинг энг рақобатбардош иқтисодиёти рейтингида учинчи ўринга тушиб кетди. Глобал беқарорлик майдонга янги етакчиларни олиб чиқди.
IMD бизнес-мактаби ўтказган тадқиқотда биринчи ўринни Сингапур, иккинчи поғонани Гонконг эгаллади. Тайвань ва БАА кучли бешликка кирган бўлса, АҚШ 10-ўринни банд этди. Рўйхат охиридан Венесуэла жой олди.
АҚШ томонидан жорий этилган юқори бож тарифи, бевосита хорижий инвестиция миқдори камайгани Швейцариянинг салбий кўрсаткичига асосий сабаб сифатида кўрсатилган. Шунингдек, давлат бошқарувидаги муаммо туфайли қарорлар узоқ муҳокама орқали қабул қилиниши ушбу мамлакатда инқирозга қарши тезкор чора кўриш жараёнини сустлаштирган.
Мутахассислар таъкидлашича, дунёда ички бозорни ҳимоя қилиш кучайган ҳозирги шароитда йирик савдо уюшмаларига аъзо бўлмаган кичик давлатлар кўпроқ зарар кўрмоқда. Яқинда эълон қилинган бошқа ҳисоботда хорижлик бойлар маблағини сақлаш бўйича ҳам энди Гонконг энг кўп фойда кўраётгани келтирилган. Шунга қарамай, Швейцария Иқтисодиёт вазирлиги мамлакат ҳамон юқори рақобатбардошлиги, давлат бошқаруви ва инфратузилма аъло даражада эканини билдириб, Ҳиндистон ва Жанубий Американинг “Меркосур” гуруҳи билан янги эркин савдо шартномалари имзоланганига урғу берган.
Ф.Яхшибоева, ЎзА