Финляндия ядровий сиёсатда тарихий бурилиш қилди
Финляндия парламенти мамлакат хавфсизлик сиёсати учун муҳим аҳамиятга эга қонун лойиҳасини маъқуллади. Янги тартибга кўра, давлат ҳудудига ядровий қуролни киритиш, ташиш ёки ҳарбий эҳтиёж доирасида жойлаштиришга оид чеклов юмшатилмоқда. Шу тариқа Хельсинки ўнлаб йил давомида амал қилган қатъий тақиқдан воз кечиш йўлини танлади. Ҳужжат кучга кириши учун энди Президент тасдиғи талаб этилади.
Мазкур қарор тасодифий эмас. Финляндия 2023 йил НАТОга аъзо бўлгач, мудофаа сиёсатида туб ўзгариш қила бошлади. Альянс хавфсизлик тизимининг муҳим қисми ҳисобланган ядровий тийиб туриш механизми аъзо давлатлар умумий ҳимоя тизимига киради. Яъни, рақибнинг эҳтимолий ҳужумини қайтариш учун ядровий салоҳиятдан огоҳлантирувчи омил сифатида фойдаланиш мумкин.
Қонун лойиҳаси парламентда турлича қабул қилинди. Бир гуруҳ депутатлар янги шароитда мамлакат хавфсизлигини мустаҳкамлаш учун бу қадам зарурлигини таъкидлади. Танқидчилар эса Финляндиянинг кўп йиллик ядровий қуролга қарши сиёсати аҳамиятини йўқотмаслиги кераклигини айтмоқда. Шу боис ҳужжат атрофидаги муҳокама сўнгги ойларда мамлакат сиёсий ҳаётининг асосий мавзусига айланди.
Кузатувчилар фикрича, мазкур ҳолат нафақат Финляндия, балки бутун Европа хавфсизлик муҳитидаги ўзгаришни ифодалайди. Россия ва Ғарб ўртасидаги зиддият кучайиб бораётган бир пайт қитъанинг қатор давлатлари мудофаа стратегиясини қайта кўриб чиқмоқда. Хельсинкининг бу қадами ҳам айни жараённинг бир қисми сифатида баҳоланмоқда. Шу тариқа ҳарбий қўшилмаслик сиёсати билан танилган Финляндия НАТОнинг тўлиқ хавфсизлик тизимига интеграциялашув йўлида яна бир муҳим босқичга ўтди.
Мусулмон Зиё, ЎзА