Шоир ва драматург Тўра Мирзо – 70 ёшда
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида таниқли шоир, драматург, халқаро Фузулий мукофоти совриндори Тўра Мирзо таваллудининг 70 йиллигига бағишланган ижодий учрашув бўлиб ўтди.
Унда шоирлар, ёзувчилар, адабиёт ихлосмандлари иштирок этди.
Ижодий учрашувда Тўра Мирзо миллий шеъриятимизда ўз овозига, ўз мухлисларига эга ижодкор экани эътироф этилди. Унинг шеъриятида миллий ғурур, миллий ифтихор туйғуси, ҳалоллик, инсон қадр-қиммати, меҳр-оқибат, умрнинг ғаниматлиги ғоят катта самимият билан тараннум этилади.
Айни пайтда устоз ижодкор шеърларида турли иллатларга, лоқайдликка муросасизлик, ҳаётга янгича қараш, инсонни улуғлаш ғоялари устувор ўрин эгаллайди.
Ижодкор 1985 йили “Майсалар ҳайқириғи”, “Гўрўғлининг беланчаги” шеърий тўпламлари учун Ёшлар Иттифоқи мукофотига сазовор бўлган.
Тўра Мирзонинг шоир сифатида ўндан ортиқ шеърий китоблари Тошкентда, иккита шеърий китоби Москва нашриётларида, 4 пьесаси Москванинг бир қатор нашриётларида чоп этилган.
1999 йил 1 сентябрь куни Тўра Мирзонинг “Амир Темур” шеърий драмасининг премьераси Мулла Тўйчи Тошмуҳамедов номидаги Қашқадарё вилоят мусиқали драма театрида ўтказилди.
Ушбу шеърий драмаси учун Тўра Мирзога 1991 йили МДҲ ёзувчилар уюшмаси ҳамжамиятининг Халқаро Фузулий мукофоти берилди.
1992 йили “Амир Темур” видеофильми Жидда давлат телевидениесида намойиш қилинган. Бу драма АҚШ “World” (“Жаҳон”) журналида нашр қилинди.
Шоир шунингдек, драматургия соҳасида 5 та, шеърий асарлари учун 5 та халқаро мукофотлар билан тақдирланган.
Тўра Мирзонинг “Майсалар ҳайқириғи”, “Гўрўғлининг беланчаги”, “Тонгги мактублар”, “Кулгихона”, “Амир Темур васияти”, “Буғдой сўз”, “1111” бирлик, “2222” иккилик, “333” учлик, “444” тўртлик, “Кўнгил харитаси”, “Кўнгил Жамолунгмаси” китоблари чоп этилган.
2008 йили Тўра Мирзога “Амир Темур ва Йилдирим Боязид муноқашаси” шеърий асари учун Туркиянинг мумтоз шоири Қорача Ўғлон мукофоти берилди.
Ижодкорнинг ўндан ортиқ пьесалари юртимиз театрларида саҳналаштирилган. Хусусан, “Аҳмад ила Оқбилак”, “Бекат”, “Сочидан салом”, “Тонгги трамвай”, “Пойтахт латифалари”, “Саратондаги изғирин”, “Амир Темур”, “Амир Темур ва Йилдирим Боязид”, “Сохта малика” ва бошқа асарлари, ўнлаб таржималари саҳналаштирилган ва нашр қилинган.
Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат академик мусиқали театрида унинг “Сохта малика”, “Ўтган-ўтмаган кунлар”, (Қодирийнинг “Ўтган кунлар” романи асосида), “Жадидлар” мусиқали драмалари саҳналаштирилган.
[gallery-28446]
Тўра Мирзо шунингдек, “Ойонам-қайнонам”, “Аловуддиннинг сеҳрли чироғи”, “Гаровдаги муҳаббат”, “Тузоқ”, “Африка гўзали”, “Асл хазина”, “Антиқа совчилар”, “Уйғониш” ва “Тўмарис” спектаклларида ижро этилган қўшиқлар матнининг муаллифидир.
Ижодкор 18 йил давомида театрнинг адабий эмакдоши бўлиб фаолият кўрсатар экан, Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат академик мусиқали театри ва унинг ижодкорлари ҳақидаги кўплаб мақолалари “Театр”, “Гулистон”, “Шарқ юлдузи” каби журналлар, республика газеталари ҳамда Туркиянинг “Қардош қаламлар” журналида чоп этилган.
Адабий учрашувда сўзга чиққанлар адибнинг ижодий ва меҳнат фаолияти, асарларининг мазмун-моҳияти ҳақида сўзлади. Ижодкорга уюшманинг ҳамда меҳмонларнинг эсдалик совғалари топширилди.
Н.Усмонова,
О.Пардаев (суратлар), ЎзА мухбирлари