Термиз – Евросиё боғлиқлигини бирлаштирувчи марказ: Ўзбекистон ва Россия стратегик ҳамкорликни чуқурлаштирмоқда
Термиз шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ҳамда “Валдай” халқаро мунозара клубининг экспертлар учрашуви бўлиб ўтди.
Сўнгги йилларда ушбу формат экспертлар ҳамкорлигининг барқарор платформасига айланиб, Ўзбекистон ва Россия Федерациясида учрашувлар алмашинуви билан ажойиб анъанага айланди.
Учрашувда Россия Федерацияси ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Михаил Галузин, “Валдай” мунозара клуби жамғармаси бошқаруви раиси Андрей Быстрицкий, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Элдор Арипов, Россия ва Ўзбекистон дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари – Алексей Ерхов ва Ботир Асадов, Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов, шунингдек, икки мамлакат эксперт ва таҳлилий доиралари вакиллари иштирок этди.
Термиз – цивилизацияларнинг тарихий чорраҳасидан замонавий логистика хабигача
Термиз шаҳри мулоқот майдони сифатида танлангани чуқур рамзий маънога эга. Икки минг йилдан зиёд тарихга эга шаҳар асрлар давомида Марказий ва Жанубий Осиё ўртасида табиий кўприк вазифасини ўтаган. Айнан у орқали Евросиё минтақаларини боғлайдиган энг муҳим савдо ва маданий йўллар ўтган.
Айни пайтда бу тарихий роль янги мазмун билан бойимоқда. Бу ерда гап нафақат географик жойлашув, балки транспорт йўлаклари, логистика занжирлари, энергетика ва савдо йўналишларини ўз ичига олган янги ўзаро боғлиқлик архитектурасини шакллантириш ҳақида бораётир. Улар биргаликда Россия, МДҲ ва Марказий Осиё бозорларини жадал ривожланаётган Жанубий Осиё макони билан боғлашга мўлжалланган.
Россия Федерацияси ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Михаил Галузин минтақавий ҳамкорликнинг янги шаклларини ривожлантириш учун Термизнинг стратегик аҳамиятини алоҳида таъкидлади. Сурхондарё вилоятини “ўзбек ерининг бой қадимий тарихи, унинг динамик ривожланиши ва ёрқин истиқболларини ўзида мужассам этган воҳа” деб атади. Унинг фикрича, Ўзбекистоннинг Термизда Халқаро савдо марказини – “ноёб инвестиция лойиҳаси”ни яратишдаги тажрибаси Ўзбекистон ва Россия тадбиркорлари ўртасидаги ўзаро манфаатли шериклик учун катта амалий аҳамиятга эга.
Ўзбекистон – Россия ҳамкорлиги янги Евросиё архитектурасининг муҳим омили
Учрашувда жорий йилда дипломатик алоқалар ўрнатилганининг 34 йиллиги нишонланган Ўзбекистон – Россия муносабатларининг ҳолати ва истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди.
Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Э.Арипов бугунги кунда Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги икки томонлама ҳамкорлик изчил мустаҳкамланиб бораётганини таъкидлади.
Бу фикр аниқ кўрсаткичлар билан тасдиқланганда товар айирбошлаш 3 баробардан зиёд – 4,2 миллиард доллардан қарийб 13 миллиард долларгача ошди. Ўзлаштирилган Россия инвестициялари ҳажми 5 миллиард долларга яқинлашди. Умумий қиймати 4 миллиард доллардан ортиқ бўлган юзлаб қўшма лойиҳалар, жумладан, минтақавий даражада 200 дан ошиқ ташаббус амалга оширилмоқда.
Э.Ариповнинг сўзларига кўра, бундан ташқари савдо моделидан комплекс саноат кооперациясига, қўшма қиймат занжирлари ва технологик альянсларни шакллантиришга ўтилаётгани кузатилмоқда. Шу нуқтаи назардан Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори замонавий Ўзбекистон – Россия муносабатларининг учта таянчини санаб ўтди:
– барқарорлик – глобал турбулентлик шароитида ҳам икки томонлама алоқалар барқарор ўсиш ва мослашувчанликни намойиш этмоқда;
– тузилмавий етуклик – ҳамкорликнинг мураккаб шаклларига, жумладан, қўшма инвестиция платформалари ва технологик занжирларга ўтиш;
– башорат қила олиш – юқори даражадаги ишончли сиёсий мулоқот билан таъминланган. Хусусан, ўтган йилнинг ўзида бешта олий даражадаги учрашув ва 12 та телефон мулоқоти, 2017 йилдан буён эса турли даражаларда мингдан ортиқ ўзаро ташриф амалга оширилгани ишонч ва узоқ муддатли режалаштириш учун мустаҳкам асос бўлмоқда.
Ҳудудларнинг кооперация драйверлари сифатидаги роли: Татаристон тажрибаси
Экспертлар учрашуви доирасида ҳамкорликнинг минтақавий йўналишига алоҳида урғу берилди. Саноат, қишлоқ хўжалиги ва инновация соҳаларида амалий лойиҳалар шаклланаётган ҳудудлар ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқалар тобора муҳим аҳамият касб этмоқда. Шу ўринда Россиянинг етакчи саноат ва инновация марказларидан бири бўлган Татаристон Республикаси делегациясининг иштирокига эътибор қаратилди. Татаристоннинг нефть-кимё, машинасозлик, IT ва таълим соҳаларидаги тажрибаси минтақалараро ҳамкорликни чуқурлаштириш учун қўшимча имкониятлар очади.
Чирчиқ ва Жиззахда “Химград” иштирокида технологик паркларни яратиш, шунингдек, Қозон федерал университети филиали фаолияти каби амалга оширилаётган ташаббуслар ҳамкорлик учун барқарор саноат, технологик ва таълим пойдеворини шакллантирмоқда.
Жанубий йўналиш: иқтисодий интеграциянинг янги уфқи
Транспорт ва логистика йўналишларини ривожлантириш келгусидаги ҳамкорликнинг асосий йўналиши сифатида белгиланди. Анъанавий шимолий йўналишларни модернизация қилиш билан бирга, Афғонистон орқали Ҳинд океани портларига олиб борадиган жанубий йўналиш ҳам ишлаб чиқилмоқда.
Ушбу йўналишга логистикани диверсификация қилиш, транспорт харажатларини камайтириш ва Жанубий Осиёнинг кўп миллиард долларлик бозорларига чиқиш учун стратегик имконият сифатида қаралмоқда.
Эксперт дипломатияси кун тартибини белгилаш воситаси сифатида
Учрашувда икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришда экспертлар мулоқоти алоҳида ўрин тутиши таъкидланди.
“Валдай” халқаро мунозара клубини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш жамғармаси кенгаши раиси Андрей Быстрицкий икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар бир-бири билан чамбарчас боғлиқлиги, тарихан шакллангани ва бугунги тез ўзгарувчан дунёда алоҳида аҳамият касб этишини қайд этди. Унинг сўзларига кўра, уларни сақлаб қолиш ва мустаҳкамлаш учун глобал ва минтақавий жараёнларни биргаликда таҳлил қилиш, келишилган ёндашувларни ишлаб чиқиш, интеллектуал мулоқотни кучайтириш зарур.
Шу нуқтаи назардан Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ва “Валдай” клуби ўртасидаги ҳамкорлик янги ғояларни ишлаб чиқиш, фикр алмашиш ва талаб юқори бўлган амалий йўналтирилган ечимларни ишлаб чиқиш учун самарали майдонга айланди.
Хулоса: Термиз янги Евросиёнинг ўсиш нуқтаси сифатида
Иштирокчилар йиғилиш якунлари нафақат Ўзбекистон – Россия шериклигини янада мустаҳкамлашга, балки Евросиёнинг янада кенг, ўзаро боғланган ва барқарор архитектурасини шакллантиришга ҳисса қўшишига ишонч билдирди. Термиз ноёб тарихий мероси ва замонавий инфратузилма салоҳиятидан фойдаланиб, Марказий ва Жанубий Осиёни боғловчи янги минтақавий алоқаларнинг асосий марказларидан бири сифатида ўзини кенг намоён этмоқда. Қадимги шон-шуҳратини қайта тикламоқда.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири