“ШҲТ Тошкент кубоги-2026” заковат интеллектуал ўйини ўтказилди
Сўнгги йилларда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти маконида ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг билими ва салоҳиятини рўёбга чиқариш, инновацион фикрлаши ва замонавий кўникмасини ривожлантириш муҳим вазифа сифатида белгиланган. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2023 йил илгари сурилган “ШҲТ – илғор ғоялар ва келажак ташаббуслари макони” ташаббуси мазкур йўналишдаги амалий лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишда муҳим концептуал асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Хусусан, Ўзбекистонда ШҲТ Халқ дипломатияси марказ томонидан “Заковат интеллектуал клуби” нодавлат нотижорат ташилоти ва Тошкент давлат иқтисодиёт университети билан ҳамкорликда, Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди молиявий кўмагида “ШҲТ Тошкент кубоги-2026” заковат интеллектуал ўйини ташкил этилди.
ШҲТнинг 25 йиллиги муносабати билан уюштирилган тадбирда мамлакатимиздаги давлат ва нодавлат олий таълим муассасалари талабалари, ёш тадқиқотчилар, интеллектуал ўйин ихлосмандлари ҳамда фаол ёшлардан иборат жами 25 жамоа иштирок этди.
Иштирокчилар ШҲТга аъзо давлатлар тарихи, сиёсий-иқтисодий ривожланиш тенденцияси, маданий мероси, халқаро муносабатлар тизимидаги ўрни ҳамда замонавий глобал жараёнга оид саволлар асосида ўз билими, тафаккури ва салоҳиятини намоён этдилар.

Мусобақада соғлом ва муросасиз рақобат муҳити шаклланиб, ҳар бир жамоа мантиқий фикрлаш, жамоавий ишлаш кўникмаларини намойиш этди.
Турнирнинг якуний натижаси қуйидагича кўриниш олди:
I ўрин – Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети;
II ўрин – Тошкент давлат иқтисодиёт университети;
III ўрин – Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети.
Шунингдек, барча иштирокчилар диплом, қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. Мутлақ ғолиб жамоага “ШҲТ Тошкент кубоги” тантанали равишда топширилди.

Мазкур интеллектуал ўйин ёшларнинг Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг фаолияти, мақсади ва вазифалари, замонавий халқаро муносабатлар тизимидаги ўрни ҳақидаги билимини янада кенгайтиришга хизмат қилди. Шу билан бирга, иштирокчиларнинг таҳлилий фикрлаш, тезкор қарор қабул қилиш ҳамда мантиқий хулоса чиқариш маҳоратини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этди.

“ШҲТ Тошкент кубоги-2026” ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш, уларни замонавий глобал жараёнга тайёрлаш ҳамда ШҲТ доирасида янги авлод етакчиларини шакллантириш йўлидаги муҳим амалий ташаббуслардан бири сифатида эътироф этилди.
Ўзбекистонда ШҲТ Халқ дипломатияси маркази матбуот хизмати кўмагида тайёрланди.
Ғ.Хонназаров,ЎзА