Инвестиция лойиҳалари ижроси муҳокама қилинди
Мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг ҳудудлардаги самарадорлиги, аввало, инвестиция лойиҳаларининг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилиши билан белгиланади.
Бу жараёнда халқ вакиллари томонидан олиб борилаётган депутатлик назорати ҳамда жамоатчилик эшитувлари муҳим аҳамият касб этмоқда. ЎзЛиДеП Қорақалпоғистон Республикаси Бўзатов туман Кенгаши депутатлари, доимий комиссия аъзолари ҳамда жамоат ташкилотлари вакиллари иштирокида ўтказилган жамоатчилик эшитувида айнан шу масала – туманда 2026 йилда амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари ва ташқи савдо кўрсаткичлари муҳокама марказида бўлди.

Йиғилишда мутахассислар томонидан ҳудудий инвестиция дастурининг ижроси юзасидан батафсил ахборот берилди. Қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикаси Ҳукумат комиссиясининг 2025 йил 27 декабрдаги мажлис баённомасига мувофиқ, туманда жорий йилда умумий қиймати 53,5 миллиард сўм бўлган 14 та инвестиция лойиҳасини ишга тушириш белгиланган.
Ушбу маблағларнинг 47,7 миллиард сўми тадбиркорларнинг ўз маблағи ҳисобига, 5,8 миллиард сўми эса тижорат банклари кредити ҳисобига тўғри келади. Мазкур лойиҳалар амалга оширилиши натижасида 149 та янги иш ўрни яратилиши режалаштирилган. Бу эса аҳоли бандлигини таъминлаш, оилалар даромадини ошириш ва ҳудуд иқтисодий фаоллигини кучайтиришга хизмат қилади.

Инвестиция дастурларининг ижроси юзасидан депутатлик назоратини кучайтириш мақсадида халқ депутатлари Бўзатов туман Кенгашининг Маҳаллий бюджет, тадбиркорликни ривожлантириш ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари бўйича доимий комиссияси аъзолари томонидан лойиҳалар жойига чиққан ҳолда ўрганилди. Ўрганишлар давомида “Kenjebek Davletiyar” ҳамда “Mnajatdinov Azamat Paraxatovich” масъулияти чекланган жамиятлари томонидан амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари ҳолати кўздан кечирилди. Лойиҳаларнинг амалга ошириш даражаси, инвестицияларни ўзлаштириш суръати, яратилаётган иш ўринлари ҳамда белгиланган режаларнинг бажарилиши атрофлича таҳлил қилинди.
Жамоатчилик эшитуви ва ўрганишлар якунида инвестиция лойиҳаларини ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш, ҳудуднинг инвестицион жозибадорлигини янада ошириш ҳамда янги иш ўринлари яратиш бўйича тегишли тавсиялар берилди. Доимий комиссия томонидан мазкур масала юзасидан тегишли хулоса қабул қилиниб, унинг ижросини назорат қилиш белгиланди.
ЎзЛиДеПнинг иқтисодий тараққиёт, хусусий мулк ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган дастурий мақсадлари нуқтаи назаридан қараганда, бундай жамоатчилик эшитувлари ва депутатлик назорати тадбирлари ҳудудларнинг барқарор ривожланишига, аҳоли бандлиги ва фаровонлигини оширишга хизмат қиладиган муҳим механизмлардан бири бўлиб қолмоқда.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири