Шеърлари асрлар билан бўйлаша оладиган шоира
17 май Ҳалима Худойбердиева таваллуд топган кун
Доно халқимизда “бўладиган бола болалигидан маълум “деган ҳикматли гап бор. Ҳалима Худойбердиева икки ёшлигида онасидан айрилади. Холаси ва амакиси қўлида тарбияланади. Еттинчи синфда ўқиётганда Боёвут тумани газетасида “Олақашқа “номли илк шеъри босилиб чиқади. Ҳалима Худойбердиеванинг илк шеърини адабиёт фани ўқитувчиси Акром Каримназаров мактабдаги ўқувчилар иштирокидаги катта йиғинда ўқиб беради. Бу оддий ҳодиса ёш Ҳалима Худойбердиевага қанот бағишлайди.
Шоиранинг дастлабки китоби Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМу) Журналистика факулътетининг 1-босқичида “ Илк муҳаббат “(1968) номи билан чоп этилади. 5-босқичда эса “Оқ олмалар "номли иккинчи китоби (1973) ўн минг нусхада босилиб чиқади. Бу дастлабки китоблар ўзбек адабиётига янги бир оҳанг, янги бир истеъдод чақмоқ каби ёниб кириб келаётганидан дарак берарди.

Ҳалима Худойбердиева Тошкентда ўқишни тугатганидан кейин Москвада Горъкий номидаги Адабиёт институтининг Олий адабиёт курсида ўқиди. Москвадаги икки йиллик ўқиш даври Сирдарё вилоятининг чекка Боёвут туманида туғилган ёш шоира ҳаётида катта бурилиш ясади, ўчмас из қолдирди. Ўқиши давомида жаҳон адабиётида машҳур бўлган Чингиз Айтматов, Евгений Евтушенко, Белла Аҳмадуллина, Андрей Вознесенский, Роберт Рождественский, Силъва Капуткен каби таниқли ижодкорлар билан яқиндан танишиш ва сухбатлашиш бахтига муяссар бўлди. Натижада ғарб ва рус адабиётини теранроқ англади.
Ҳалима Худойбердиева Москвадан қайтганидан кейин ҳозирги “Янги аср авлоди “,”Ёзувчи “нашриётларида, узоқ йиллар “ Саодат” журнали ва турли газеталарда фаолият кўрсатди. Нашриётлар, газета-журналлар шоира дунёқарашини ўстириб, унинг учун ижод мактаби вазифасини бажарди. Кўрган-кечирганлари, идрок этганлари, ҳаёт қувончу ташвишлари шеър бўлиб, қоғозга тушди. Натижада 102 та шеър ва тўртликлари жамланган “ Суянч тоғларим “китоби Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида 1976 йилда 10000 нусхада босилиб чиқди. Шунингдек,” Бобо қуёш “(1977) ўн минг , “Садоқат “ (1983) ўн минг, “ Юрагимнинг оғриқ нуқталари “Замон. Ахлоқ. Оила." номли публицистик мақолалари 1991 йилда йигирма минг , “Ҳурлик ўти “ (1993) 50 минг ,” Йўлдадирман “ ( 2006) беш минг нусхада нашр этилди. Шоира китобларининг катта ададларда чоп этилишининг сабаби, улар нашриётларга каттагина даромад келтираётганидан эди. Чунки мухлислар Ҳалима Худойбердиева китобларини излаб юришарди. Китоблар қисқа вақт ичида сотилиб кетарди. Бу ҳолат шоира шеърларининг халқимиз томонидан яхши кутиб олинаётганидан ҳам дарак берарди.
Ҳалима Худойбердиеванинг кейинги йилларда “ Чаман”, “ Гордостъ”, “ Иссиқ қор “, “Муқаддас аёл “, “ Бу кунларга етганлар бор....,“ Тўмариснинг айтгани”, “ Сайланма”,” Буюк қушлар “, “ Осойишта шам”, “ Йиллар нафаси” каби китоблари ҳам дунё юзини кўрди.
Шоира китобларига таниқли ижодкорлар, адабиётшунос олимлардан Зулфия, Абдулла Орипов, Иброҳим Ғофуров, Озод Шарофиддинов, Сирожиддин Сайиид сўзбоши ёзганлар. Халқимизда “ Дўстларингнинг кимлигини айт, мен сени кимлигинингни айтаман ” деган гап бор. Ўзбек адабиётининг дарғалари эътирофига тушиш ҳаммага ҳам насиб қилмайди.

Ўтган асрнинг 70- йилларида, айниқса,ёшлар ўртасида Ҳалима Худойбердиеванинг “ Биз олмамиз “,” Дориламон кунлар келди “, “ Ҳар гап ўтса мендан ўтди”, “ Сиз билан “, “Мен олмаман “, “ Сени сўрашар “,” Кўпдан кўришмадик” ,“ Бегим...”шеърлари жуда машҳур эди. Айниқса , ёшлар ўртасида Ҳалима Худойбердиеванинг севги-муҳаббат мавзусидаги шеърлари жуда кенг ёйилган. Муболағасиз айтиш мумкинки, йигирма ёшлилар Ҳалима Худойбердиеванинг юзлаб шеърларини ёддан билишарди.
Эслайман, Тошкент шаҳридаги “ Билим “ жамиятининг тахминан 500 кишилик залида шеърият кечалари ўтказиларди. Шеърият кечасини ўша пайтларда “Ўзбегим “ қасидаси билан элда машҳур бўлиб кетган севимли шоиримиз Эркин Воҳидов олиб борарди. Ана шундай кечаларнинг бирида Эркин ака навбатдаги ижодкорни эълон қилди:
— Навбат ёш севимли шоирамиз Ҳалима Худойбердиевага. Эркин Вохидов ўрнидан туриб, саҳнадаги микрофонга ишора қилди.
Ҳеч қандай гримсиз, иккита қоп-қора сочини орқасига ташлаб олган қорачадан келган, бўйдоргина қиз аввал ўнг қўлини кўксига қўйиб, аввал Эркин Воҳидовга, кейин эса залда ўтирганларга енгил таъзим қилди. Шоира шеърини ёддан ўқий бошлади. Чунки ёш ижодкорнинг қўлида ҳеч қандай қоғоз йўқ эди. Бу ҳолат доимий анъанани бузиш эди. Одатда ҳар бир саҳнага чиққан ижодкор қўлида китоби ёки журнал, газетада чоп қилинган шеърларини кўтариб олган бўларди. Жарангдор, шиддатли тарзда шеър янграй бошлади:
Онагинам !
Дориламон кунлар келди, шафақлари ол,
Қаён боқсанг, шайланишар ва созлашар тор.
Олча гулин кўзларингга суртасан беҳол,
Бу кунларга етганлар бор, етмаганлар бор.
Ишонасизми, беш юз кишилик зал бу шеърни хор бўлиб куйлашди...
2008 йил Ўзбекистонда “Ёшлар йили” деб номланган эди. Истеъдодли шоир Муҳаммад Исмоил ва Ҳалима Худойбердиева Гулистон давлат университетига ташриф буюрдилар. Ижодий учрашув шеърият кечаси эмас, балки эътироф кечаси бўлди. Чунки Ҳалима Худойбердиева қайси шеърини ўқишни бошласа, залдаги талабалар шеърни давом эттирдилар. Бу ҳолат ўн марталаб такрорланди. Ҳалима Худойбердиева ниҳоятда хурсанд бўлдиларки, асти қўяверасиз.
— Мен бундай ҳолатни йигирма йиллар олдин кўргандим. Менинг шеърларимни бу даражада кўп ва хўп ёдлаганларни яқин йилларда кўрмаган эдим. Барчангизга чин қалбимдан, чексиз миннатдорчилик билдираман, — деган эдилар.
Ҳалима опа – кўнгил куйчиси эди. “Сен муқаддассан, муқаддас аёл”, “Бу кунларга етганлар бор, етмаганлар бор” сатрларини ёзиш учун ҳам жуда катта сеҳр, илоҳийлик, ақл-идрок, донишмандлик керак эди. Бу ўлмас сатрлар ҳеч қачон эскирмайди, долзарблигини йўқотмайди. Улар Ҳалима Худойбердиеванинг эл суйган, улуғ шоира эканлигидан далолатдир.
Аёл—Ирода, Аёл—Орият, Аёл—Шижоат ! дейишган файласуфлар. Ҳалима Худойбердиевада мана шундай ажойиб фазилатлар мужассам эди.
Беназир шоирамиз, минглаб ёшлар ва қаламкашларнинг улуғ устози Ҳалима Худойбердиеванинг боқий ҳаёти, ўлмас шеърияти давом этмоқда.
Равшанбек Маҳмудов,
Гулистон давлат университети профессори.
ЎзА